Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов 27 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Буюк ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Уларга ғалаба рамзи ҳисобланган статуэтка совғаси ва 12 миллион сўмдан пул мукофотларини тантанали топширди.
Иккинчи жаҳон урушига Сурхондарё вилоятидан 53 минг 365 нафар йигит жўнатилган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи жанг майдонларида мардларча ҳалок бўлган. Айни пайтда вилоятда 1 минг 895 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари ва 27 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси яшамоқда.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги кенг нишонланаётган жорий йилда муборак 96 ёшини қарши олган Шерали бобо Ҳайдаров жанг майдонига йўл олганида 22 ёшда эди. 1943 йилнинг қиш фаслида урушга отланган собиқ жангчи ва унинг сафдошлари Бухоро вилояти Галаосиё қишлоғида кузгача тайёргарлик кўрди. Қурол-аслаҳалардан фойдаланишни ўрганди. Фашистлар томонидан ишғол қилинган ҳудудлар географияси билан яқиндан танишди. Шундан сўнг дастлаб поездда, кейин пиёда узоқ йўл босиб Украинанинг Запароже шаҳрига етиб борди.

Оддий аскар Шерали Ҳайдаров хизмат қилаётган ҳарбий батальон Киев шаҳрини фашистлардан озод этишда жанг олиб бораётганида у бошидан ярадор бўлиб, дайди ўқ зарбидан ҳушдан кетди. Контузия ташхиси билан госпиталда узоқ даволанди. Шифокорлар ёш жангчини яна ҳаётга қайтарди. Жангу-жадалларда кўрсатган жасорати орден ва медаллар билан тақдирланди. 1945 йил июль ойида Сурхондарёдаги ўзи туғилиб ўсган қишлоғи Сайробга қайтиб келди.
– Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин, болаларим, – деди Ш.Ҳайдаров. – Урушни оғизда айтиш осон. Мен уни нақ ёнаётган оловга ўхшатаман. Бизни Украинада фронтга киритган. Не-не забардаст йигитларимиз шу жангда ҳалок бўлди. Ҳали ҳам бу отишмалар кўз олдимдан кетмайди. Биз кўрган бундай кунларни энди ҳеч ким кўрмасин. Жаҳонда урушнинг номи ўчсин!
Вилоят туманларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ҳам Президентимиз совғалари, пул мукофоти билан бирга вилоят ҳокимлиги, ҳарбий хизматчилар ва бошқа давлат, жамоат ташкилотларининг эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Тантанали тадбирларда вилоят ҳокими бошчилигидаги секторлар раҳбарлари, ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар нафақат Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари яшаётган хонадонлар балки, уларнинг маҳаллаларига байрамона шукуҳ улашди.
Жангу-жадаллардан омон қайтиб, айни пайтда ҳам биз билан бир сафда яшаётган пиру-бадавлат отахонлар Ватанимизга тинчлик, ободлик, ёш авлодга бахту-саодат тилаб, дуо қилишди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА