Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
ТДТ божхоналарда “ягона ойна” ва “ягона бекат” тизимини жорий қилади
Туркий давлатлар ташкилоти божхона хизмати раҳбарларининг Бокуда бўлиб ўтган 10-йиғилишида бож тартибини соддалаштириш мақсадида “ягона ойна” ва “ягона бекат” тизимларини жорий этишга келишиб олинди. Шунингдек, Озарбайжоннинг “Транс-Каспий божхона транзити портали” тўғрисидаги таклифи ҳам иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Бош котиб Қубаничбек Омуралиев ижтимоий тармоқ саҳифасида ёзишича, тадбирда соддалаштирилган божхона йўлагини ишлаб чиқиш, тажриба лойиҳаларини ишга тушириш ва ахборот алмашиш бўйича ҳам тегишли қарорлар қабул қилинган.
Исроил – ХАМАС келишувининг биринчи босқичида
2000 фаластинлик озод қилинади

16 январь куни Доҳада Исроил ва Фаластиннинг ХАМАС гуруҳи гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича имзолаган келишувнинг биринчи босқичида 2000 фаластинлик асир эвазига 33 нафар исроиллик қўйиб юборилиши кўзда тутилган. Ушбу хабарни “The Jerusalem Post” газетаси тарқатди.
Маълумотга кўра, битимнинг 42 кун давом этадиган дастлабки қисмини имзолангандан икки-уч кун ўтгач, амалга ошириш бошланади. Аввалига 33 нафар гаровга олинган – аёллар ва болалар, кейин аёл аскарлар, 50 ёшдан ошган эркаклар ва “гуманитар тоифа” сифатида белгиланган ёшлар чиқарилади. Бунинг эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 2000 киши қайтарилади.
НАТО 2025 йил 107 марта машғулот ўтказади

НАТО жорий йил давомида жами 107 бор машғулот ўтказишни режалаштирган. Бу ҳақда Иттифоқчи кучларнинг Европадаги олий қўмондони Кристофер Каволи аъзо мамлакатлар Бош штаб бошлиқлари йиғилиши якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ҳарбий машқ ўтказишдан кўзланган мақсад альянснинг жанговар тайёргарлигини ошириш.
Зеленский: 2024 йил уруш Киевга 100 миллиард доллар зарар келтирди

Ҳарбий можаро Украинага 100 миллиард доллардан кўпроқ зарар келтирди, бу маблағнинг 60 фоизини АҚШ ва Европа Иттифоқи тақдим этган, деди Президент Владимир Зеленский.
– 2024 йил уруш Украинага мудофаа кучларини таъминлаш нуқтаи назаридан қимматга тушди, – деди у Буюк Британия Бош вазири Кей Стармер билан бирга ўтказган қўшма матбуот анжуманида. – Сарфланган 100 миллиард долларнинг 40 миллиарди Украинаники, 35 миллиарди АҚШ ва 25 миллиарди ЕИга тегишли. Киев бюджет тақчиллигини қоплаш йўлларини фаол изламоқда. Ғарблик ҳамкорлар ҳукуматга ўзини ўзи молиялаш қобилиятини ошириш учун кўпроқ манбалар топишни қатъий тавсия қилди.
Гренландия АҚШнинг бир қисми бўлишни хоҳламайди

Гренландия АҚШ таркибига кирмоқчи эмас, деди орол бош вазири Муте Эгеде “Fox News” телеканалига берган интервьюсида.
– Биз америкалик бўлишни, АҚШнинг бир қисмига айланишни хоҳламаймиз, лекин Қўшма Штатлар билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш истагидамиз, – деган сиёсатчи. Орол Вашингтонга кўп нарса таклиф қила олади ва АҚШ ресурсларни қазиб олишга сармоя киритиши мумкин.
Президентлик лавозимини эгаллаш арафасида Дональд Трамп бир неча бор Гренландия Қўшма Штатлар таркибига кириши кераклигини айтган.
Блинкен: Ғазода ўт очиш тўхтатилишида Эрдоғаннинг ёрдами катта

– Сўнгги ҳафталарда биз бошқа кучларга ҳам мурожаат қилдик, – деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен. – Жумладан Туркия ва Президент Эрдоған билан ўз мавқеи ва таъсиридан фойдаланиб, ХАМАСни музокара даврасига қайтариб, келишувга эришишга ҳаракат қилдик. У уддалади, улар вазифани бажаришди.
Сурия Голан тепалигида БМТ кучлари жойлашишига рози

Ҳукумат БМТ тинчликпарвар кучларини Исроил билан чегарадош Голан тепалигида жойлашишига рози, деди Суриянинг янги маъмурияти раҳбари Аҳмад Ал-Шараъ Дамашқда Қатар делегацияси билан музокара чоғида.
– Вазият Исроил олдинга силжишидан аввалги ҳолатга қайтиши учун биз БМТ кучларини буфер зонада қабул қилишга тайёрмиз, – дея Ал-Жазира телеканали унинг сўзларидан иқтибос келтирган. – Исроил “Эрон кучлари бор” деган баҳона билан бу ҳудудга чуқур кириб келди. Дамашқ озод этилгандан кейин, энди бу сабаб йўқ.
Букмекерлар Трампнинг Россия – Украина зиддиятига барҳам бериш имкониятини баҳолади

“Polymarket” онлайн-платформаси маълумотига кўра, букмекерлар АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трампнинг ўз бошқаруви даври дастлабки 90 кунида Россия – Украина урушига барҳам бериш имкониятини 30 фоиздан камроқ, дея баҳоламоқда.
Маълумотга кўра, айни эҳтимол 28 фоизни ташкил қилади. Дарвоқе, ноябрь ойида бу кўрсаткич 50 фоиздан ошганди.
Аввалроқ Трамп РФ Президенти Владимир Путин билан Украина бўйича музокара олти ойдан камроқ вақт ичида бўлиб ўтиши мумкинлигига умид билдирганди.
Трамп сайлов олди кампанияси чоғида бу можарони музокара йўли билан бартараф қилишини кўп таъкидлаган. Ҳатто, муаммони бир кунда ҳал қила олишини ҳам айтган.
С.Раҳимов, ЎзА