Дунё хабарлари қисқа сатрларда
Россияга санкция қачон тўхтайди?
Иқтисодчи, собиқ молия вазир Михаил Задорнов фикрича, Россияга нисбатан қўлланаётган санкция Украинадаги махсус амалиёт якунлангандан кейин ҳам бекор қилинмайди.
– Санкция, ҳатто, зиддият (Россия ва Украина ўртасидаги – таҳририят) ҳал қилингандан кейин ҳам узоқ вақт сақланиб қолади, – деди у “РИА Новости”га берган интервьюсида. – Янги чеклов жорий қилинмаслиги мумкин, лекин амалдагисини ҳеч ким тезда бекор қилмайди. Зеро, ҳар бир воз чекиладиган санкция тури бирор сиёсий-иқтисодий алмашинув эвазига таклиф этилади.
“Castellum” таҳлилий гуруҳи маълумотига кўра, август ойигача Россияга қарши 22 200 санкция амал қилган. Энг кўп чеклов АҚШ – 5 800, Канада – 3 600 ва Швейцария – 3 000 томонидан қўлланган.
NYT: “Ҳизбуллоҳ” Исроилга Эрондан аввал ҳужум қилиши мумкин
Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроилга жавоб зарбасини Эрондан аввал бера бошлаши мумкин, деб ёзди “New York Times” исроиллик мансабдор шахслар ва ғарб разведка хизмати вакилларига таяниб.
“Ҳизбуллоҳ” Байрутда ҳарбий раҳбари Фуад Шукур йўқ қилинишига жавобан қасос олиш билан таҳдид қилмоқда, Эрон эса Теҳронда ХАМАС ҳаракати сиёсий бошқарув раҳбари Исмоил Хания ўлдирилиши жавобсиз қолмаслигини айтмоқда. Шу билан бирга, газета ёзишича, ҳужум эҳтимоли бўйича юзага чиқаётган маълумотлар тез-тез ўзгариб, узуқ-юлуқ кўриниш касб этмоқда.
Исроил эҳтимолий таҳдидни қайтаришга тайёрлигини маълум қилишига қарамай, Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” бир вақтнинг ўзида “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими учун муаммо бўладиган даражада кўп ракета учириши мумкин.
АҚШ 2024 йил рекорд даражада қурол сотиши мумкин
Жорий йил АҚШқурол-яроғ экспорти мамлакат учун рекорд даражани қайд этади. Пентагон маълумотига кўра, бу кўрсаткич 100 миллиард долларга етиши мумкин.
– 2024 молия йилида хорижга ҳарбий сотув аллақачон 80 миллиард доллардан ошди, – дейилган баёнотда.
Ўтган мавсум ушбу кўрсаткич 66,2 миллиард, 2022 йил эса 49,7 миллиард доллар эди. 2022 йилдан кейин, яъни Россия Украинада махсус ҳарбий амалиёт бошлагач, дунё бўйлаб АҚШ ҳарбий техникасини сотиб олишга қизиқиш сезиларли даражада ошган.
Канада янги қирувчи самолётлар билан қуролланмоқда
Канада мудофаа вазири Билл Блэйр ўз баёнотида мамлакат янги F-35 қирувчи ҳамда қўриқлаш ҳаво самолётлари, шунингдек замонавий ҳарбий кемалар қабул қилиб олишини билдирган.
– Канада асосий флотини қайта қураётган экан, тез орада янги иккинчи авлод F-35 қирувчи ҳамда бир неча қўриқлаш самолёти, “BAS Type-26” тизимига мослаштирилган ҳарбий кемалар олади, – деди у матбуот анжуманида. – Барча келажак қуроллари Австралия билан бирга фойдаланиш режалаштирилаётган платформа доирасида қўлга киритилади. Канада ва Австралия кибер кенгликда имкониятни ошириш ҳамда фан ва технологияда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришни давом эттиради.
Миср, Қатар ва АҚШ Исроил ва Хамасни музокарани бошлашга чақирди
Миср, Қатар ва Америка Қўшма Штатлари Исроил ва ХАМАС ҳаракатини 14-15 август кунлари Доҳа ёки Қоҳирада зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокарани қайта бошлашга чақирди, дейилган Миср Президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий девони томонидан эълон қилинган уч давлат раҳбарлари қўшма баёнотида.
Бундан ташқари етакчилар кўзланган мақсадга эришиш бўйича якуний таклиф тақдим этишга тайёрликларини ҳам билдирган.
Ермак Россия билан музокара бўйича янги баёнот берди
Украина раҳбарияти айни пайт Россия билан музокара ўтказишдан маъно кўрмаяпти, дея баёнот берди Президент Владимир Зеленский офиси раҳбари Андрей Ермак “Европа ҳақиқати” нашрига берган интервьюсида.
– Биз бевосита музокарада ҳеч қандай маъно йўқлигини аниқ биламиз, – деди у. – Умуман, бу жараёнда Украинага керак натижани кўрмаяпмиз.
Киевлик мансабдор айтишича, Украина ҳудудий ён беришга тайёр эмас ва янги Минск шартномасига рози бўлмайди.
АҚШ аҳолисининг Харрис ва Трампни қўллаш кўрсаткичи қандай?
“Ipsos” компанияси ўтказган сўров натижасига кўра, АҚШ вице-президенти Камала Харрис мамлакат аҳолиси қўллаб-қувватлови бўйича собиқ Президент Дональд Трампдан ўзиб кетди. Ушбу хабарни “Рейтер” агентлиги тарқатган.
Тадқиқот хулосасида Харрисни қўллаб-қувватлаш даражаси 42 фоиз, Трампники эса атиги 37 фоиз, дея келтирилган. Респондентлар 4 фоиз фуқаро томонидан мустақил номзод Роберт Кеннеди қўллаб-қувватланишини тахмин қилган.
Вазият шуни кўрсатяптики, президентлик сайлови кампаниясида аввалги, яъни июль ойи охирида ўтказилган тадқиқотга нисбатан кескин ўзгариш юз берган. Ўшанда Харрисни 37, Трампни 34, кичик Кеннедини эса 10 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлаган.
2-7 август оралиғида ўтказилган сўровда 2045 нафар катта ёшли америкалик иштирок этган. Натижада хато чегараси 3 фоиз сифатида баҳоланган.
АҚШда президент сайлови 5 ноябр куни бўлиб ўтади.
С.Раҳимов,
ЎзА