Дунё хабарлари қисқа сатрларда
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этиш учун Остонага келди. Саммит 3-4 июль кунлари бўлиб ўтади.
БМТ матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Бош котиб Олма-Отага ҳам боради, Президент Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашув ўтказади.
Гутерриш Қозоғистонга иккинчи бор келди, биринчи расмий ташриф 2017 йил амалга оширилган.
***
Япония Бош вазири Фумио Кисида 10-14 июль кунлари Германия ва АҚШга боради. Вашингтонда у НАТО саммитида иштирок этади. Бу ҳақда кун чиқар юрт Вазирлар Маҳкамаси маълум қилди.
“Kyodo” агентлиги ёзишича, Германияда Кисида Канцлер Олаф Шольц билан учрашиб, жумладан, иқтисодий хавфсизлик ва мудофаа соҳасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича музокара ўтказишни режалаштирган.
Сўнгги пайт Япония НАТО билан алоқани фаоллаштирмоқда. Кисида ҳозиргача икки бор Альянс анжуманида қатнашди. Брюсселдаги қароргоҳда Япониянинг доимий ваколатхонаси ишлаб турибди.
***
Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш учун бир миллиондан зиёд имзо тўпланди, деб хабар тарқатди “Yonhap” агентлиги.
Таъкидланишича, петиция бўйича Миллий мажлисга мурожаат қилиш учун етарли имзолар ўн кун ичида йиғилган. Ушбу ҳаракатни мамлакатдаги йирик мухолифатчи Тобуро демократик партияси ҳам қўллаб-қувватлаган.
***
Финляндия Президенти Александер Стубб “Bloomberg” агентлигига берган интервьюсида Европа “ҳарбий давр иқтисодиёти”га ўтиши керак, деди. Унинг фикрича, ЕИ қурол-аслаҳа буюртмасини бирлаштириши, мудофаа саноатини узоқ истиқболга мўлжаллаб ривожлантириш керак. Европа инвестиция банки ҳам ўз қизил чизиғидан ташқарига чиқиши, ҳарбий саноатни янада фаол қўллаб-қувватлаши керак.
***
Нидерландия Украинага молиявий, ҳарбий ва сиёсий ёрдам беришда давом этади, деди қироллик Бош вазири Дик Схоф парламентда янги ҳукуматни шакллантириш жараёни якунига етгани муносабати билан сўзлаган нутқида.
Схоф мамлакат мудофаа харажати НАТО стандарти бўйича 2 фоиз бўлиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланишига ваъда берди. Шунингдек у янги ҳукумат ЕИ доирасида ва ташқарида имзоланган барча халқаро шартномаларга амал қилишини билдирган.
***
Туркия билан муносабатни яхшилаш учун етарли даражада соғлом мулоқот олиб боряпмиз, деди Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Тбилисига ташрифи чоғида грузиялик ҳамкасби билан бўлиб ўтган учрашувда.
– Туркия билан муносабатни тўлиқ йўлга қўйиш, дипломатик алоқани тиклаш, чегараларни очиш ва шу вақтгача эришилган келишувларни бажаришга тайёрмиз, – деди у.
***
Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев 12 июль куни икки кунлик ташриф билан Покистонга боради, деб хабар тарқатди “The News International” газетаси.
Сафар давомида Президент Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва қуруқлик қўшини қўмондони Осим Мунир билан учрашув режалаштирилган.
***
Эронда ислоҳотчи сифатида эътироф этиладиган президентликка номзод Масъуд Пазашкиён сайловнинг иккинчи босқичи арафасида устунликка эгалиги айтилмоқда. Мамлакатда фолият кўрсатаётган “Shenaakht” таҳлил маркази ўтказган сўров натижаси шундан дарак бермоқда.
Сўровдан респондентларнинг 42 фоизи овоз беришда иштирок этиши, уларнинг 52 фоизи Пазашкиён учун овоз беришга тайёрлиги маълум бўлган.
Эронда президент сайловининг биринчи босқичи 28 июнда бўлиб ўтди.
С.Раҳимов, ЎзА