Дунё хабарлари қисқа сатрларда
-
НАТО Россиянинг қанча самолёти ва ёнилғи қуйиш шохобчаси борлигини ҳисоблаш учун сунъий йўлдош тасвирини қайта ишлашда сунъий интеллектдан фойдаланади. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги альянс бош котиби ёрдамчиси Дэвид ван Вил берган маълумотга таяниб ёзган.
***
Москва ва Теҳрон ўртасида янги кенг қамровли ҳамкорлик битимини тузиш жараёни тўхтатилди. Бу ҳақда Россия ТИВ вакили Замир Кабулов маълум қилди.
– Мазкур ҳужжатни имзолаш фикри ҳеч қачон кучини йўқотмаган ва сўнгги воқеалар билан боғлиқ эмас, – деди у. – Бу икки давлат раҳбариятининг стратегик қарори. Эронлик ҳамкорлар билан боғлиқ муаммо туфайли иш тўхтади.
***
Франция Президенти маъмурияти, агар мухолифат парламент сайловида ғалаба қозонса, давлат раҳбари истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этди. 9 июнда Эммануэль Макрон ўзи аъзо бўлган Уйғониш даври партияси Европа парламентига сайловда мағлубиятга учрагач, Миллий ассамблеяни тарқатиб юбориш ва муддатидан олдин сайлов ўтказишга қарор қилди. Сиёсий тадбирнинг биринчи босқичи 30 июнь куни, иккинчи босқичи 7 июлда бўлиб ўтади.
***
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Қуйи Новгородда бўлиб ўтган БРИКСга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашди. Музокарада икки томонлама сиёсий мулоқот ва мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик масаласи, шунингдек Яқин Шарқ ва Жанубий Кавказдаги вазият муҳокама қилинган.
***
Озарбайжон билан тинчлик шартномаси лойиҳаси устида ишни якунлаш учун реал имконият мавжуд, деди Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян АҚШ билан стратегик мулоқотнинг якуний йиғилишида. Учрашувда иштирок этган Давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси О'Брайен фикрича, Боку ва Ереван ўртасидаги мустаҳкам тинчлик иқтисодий салоҳиятни юзага чиқариш имкониятини кенгайтиради.
***
Малави вице-президенти Саулос Клаус Чилима ва йўқолган самолётнинг бошқа йўловчилари омон қолмади, деб ёзди маҳаллий “MBC Digital” нашри Президент Лазарус Чакверага таяниб. Аввалроқ “Франс Пресс” агентлиги қулаган самолёт қолдиғи топилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Чилима ва яна тўққиз нафар йўловчи ҳалокат қурбони бўлди.
***
– Ғазо секторига юборилган гуманитар ёрдам миссиясининг ярми анклавдаги муҳтожларга етиб бормаяпти, – деб баёнот берди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. – Шунингдек, Рафоҳ назорат-ўтказиш манзилига уюштирилган ҳужумдан сўнг Ғазо аҳолиси учун энг зарур гуманитар ёрдам оқими учдан икки ҳиссага қисқарди.
***
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммо ва сув ресурси етишмаслиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар хавфсизлиги асосини бузиши мумкин. ШҲТ Бош котиби Чжан Мин Душанбеда бўлиб ўтаётган “Сув 2018-2028 йилларда барқарор ривожланиш учун” юқори даражадаги халқаро конференцияси ялпи мажлисида сўзга чиқиб, иштирокчиларнинг эътиборини мазкур глобал муаммога қаратди.
10 июнь куни бошланган анжуманда иштирок этиш учун 100 га яқин давлатдан сиёсий арбоблар, олимлар, расмийлар ва экспертлар тўпланган. Нуфузли тадбир 13 июнгача давом этади.
С.Раҳимов, ЎзА