Дунё хабарлари қисқа сатрларда
—
Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин 24 апрелда Афғонистонга ташриф буюриб, ҳамкасби Бародарий билан Трансафғон темир йўли қурилишини муҳокама қилди. Мазкур лойиҳа минтақадаги мамлакатлар ўртасида юк ташишга кетадиган вақтни қарийб 10 баробар қисқартириб, ташув харажатини ҳам камайтиради. Таъкидланишича, Қозоғистон магистраль қурилишида иштирок этишга тайёрлигини билдирган.
***
ХХР ташқи ишлар вазири Ван И Пекинда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди, деб хабар тарқатди мамлакат Марказий телевидениеси. Хабарда музокара тафсилоти келтирилмаган.
Блинкен 24-26 апрель кунлари ташриф билан Хитойда бўлиб, Шанхайда шаҳар партия қўмитаси котиби Чэнь Цзинин ҳамда бизнес вакиллари, талабалар билан ҳам учрашган.
Машҳур сиёсатчини Раис Си Цзиньпин қабул қилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
***
Истанбулнинг айрим туманларида ҳаво ифлосланиш кўрсаткичи инсон соғлиғига хавф туғдирадиган даражага етган. Ҳолат Африка чанг-тўзони шаҳарга етиб келгани билан боғлиқ, дейилган ҳокимлик тарқатган маълумотда.
Туркияга чанг ёпирилгани, шамол йўқлиги ва йўлдаги доимий тирбандлик Истанбул ҳавосини бузмоқда. Шаҳарда ҳарорат 20 даражадан юқори, кўриш имконияти сезиларли равишда пасайган. Иқлимшунослар таъкидлашича, тўзон якшанба куни ҳудудни тарк этиши мумкин.
***
Барбадос байроғи остида сузаётган юк кемасида ёнғин содир бўлгани учун Дарданелл бўғози орқали кема қатнови тўхтатилди. Экипажнинг 14 аъзоси Туркия соҳил қўриқчилари томонидан қутқарилган.
Кема Мисрдан Болгарияга қараб сузаётган эди. Айни пайт мутахассислар ёнғинни ўчиришга киришган.
***
Швециянинг НАТОга ҳарбий интеграцияси расман ниҳоясига етди, дея баёнот берди қироллик Бош вазири Ульф Кристерссон.
Унинг таъкидлашича, Финляндия билан мувофиқлаштирилган ушбу жараён Шимолий Атлантика альянси тарихидаги энг тез амалга ошган иш бўлди. Шу тариқа НАТОга аъзо мамлакатлар сони расман 32 тага етди.
***
Британия яқинда эълон қилинган ҳарбий ёрдам тўплами доирасида Украинага юқори аниқликда бошқариладиган “Paveway-IV” бомбасини беради, деб ёзди “Business Insider” нашри Британия мудофаа вазирлиги маълумотига таяниб.
Аввалроқ Бош вазир Риши Сунак Польшага ташрифи чоғида Киевга қўшимча 500 миллион фунт стерлинг қийматдаги ҳарбий ёрдам берилиши, жумладан узоқ масофага учувчи “Storm Shadow” қанотли ракетаси юборилишини маълум қилганди.
***
Франция Президенти Эммануэль Макрон Париждаги Сарбонна университетида маъруза қилиб, Европа келажаги мавзусига тўхталди ва барчани Лиссабондан Одессагача гуманизм ғояларни, Европа қадриятларини ҳимоя қилишга чақирди:
– Европалик бўлиш Болтиқдан Ўрта ер денгизигача ёки Атлантикадан Қора денгизгача бўлган ҳудудда шунчаки яшаш дегани эмас. Бу озод, мувозанатли ва маърифатли шахсият ҳамма нарсадан устун қўйиладиган инсон ғоясини ҳимоя қилишдир. Лиссабондан Одессагача озодлик ва адолатга нисбатан муносабат бир хил бўлиши керак.
***
АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Жулианн Смит “Politico” нашрига интервьюсида Хитой Украина можаросида бетараф мамлакат эмаслигини таъкидлаб, жумладан, шундай деди:
– Хитой бу ҳолатда ўзини мутлақо бетараф, дея олмайди. ХХР амалда Россия томонини танламоқда. АҚШ Хитойнинг Россияга етказиб бераётган маҳсулоти ҳажми ортиб бораётганини кузатиб турибди. Бу товарлар орасида микроэлектротехника, дрон технологияси ва нитроцеллюлоз ҳам бор.
***
Жанубий Африка Республикаси ТИВ раҳбари Наледи Пандор Бразилиянинг “Folha de Sao Paulo” газетасига берган интервьюсида “Россия ҳамда Украина Президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг юзма-юз музокараси Украина можаросини ҳал қилиши мумкин, деди:
– Биз ҳар доим низо музокара йўли билан бартараф этилиши керак, деб ҳисоблаганмиз. Икки етакчи музокара даврасига ўтириши керак. Украинанинг тинчлик режасини шунчаки муҳокама этолмаймиз, Россия ва Украина бир хонада бўлишини истаймиз.
***
АҚШ Давлат департаменти араб тили бўйича вакили Хала Рхаррит Вашингтоннинг Ғазо секторидаги урушга нисбатан олиб бораётган сиёсатига норозилик сифатида истеъфога чиқишини эълон қилди. Таъкидланишича, бу департамент ходимларининг айни масала бўйича истеъфо бериши билан боғлиқ учинчи воқеа.
***
Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари мажлиси бошланди. Вазирлар халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилади.
С.Раҳимов, ЎзА