Дунё таниган дзюдочилар Абу-Дабида беллашади
42 та мамлакатнинг 232 нафар дзюдочилари иштирок этадиган Абу-Даби халқаро турнирида мамлакатимизнинг 12 нафар спортчиси иштирок этади.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 26-28 ноябрь кунлари ўтадиган мусобақада мамлакатимиз шарафини Диёра Келдиёрова (52), Дилшодбек Баратов (60), Дилшодбек Йўлдошев (66), Жалолиддин Бойназаров, Ҳикматуллоҳ Тўраев (иккаласи ҳам 73 кг.да), Суҳроб Турсунов, Арслонбек Тожиев(иккаласи ҳам 81 кг.да), Давлат Бобонов, Достон Мейлиев(иккаласи ҳам 90 кг.да), Музаффарбек Тўрабоев, Ақлмуродбек Худойбердиев(иккаласи ҳам 100 кг.да) ва Шоҳруҳ Мамарасулов(+100) ҳимоя қилишади.

Халқаро дзюдо федерацияси тақвимидан ўрин олган йилнинг энг сўнгги “Катта Дубулға” турнирида ўнлаб олимпия ўйинлари совриндорлари, жаҳон чемпионлари иштирок этишини назарда тутсак, Абу-Даби татамисидаги курашлар жаҳон чемпионатидаги беллашувлар даражасида муросасиз ўтишини англаш қийин эмас.
Халқаро турнир талабномаларига биноан беллашувларда 144 нафар эркак, 88 нафар аёл дзюдочилар ўз вазнларида ғолиблик учун татамига чиқишади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА