Дунё бозорида инфляция кучайиб, олтин арзонлашяпти
Жаҳон сармоядорлари орасида инфляция кучайса, олтин қимматлашади, деган қараш оммалашган. Бинобарин, ҳозир бозорда мутлақо тескари манзара кузатиляпти. АҚШда инфляция сўнгги уч йилдаги энг юқори даражага чиққан бир пайт олтин нархи, тўртинчи ойдирки, пасайишда давом этяпти. Янада қизиғи, тилла 2026 йил январь ойида қайд этилган рекорд даражадан қарийб чорак қийматга арзонлашган.
Мутахассислар ҳолатнинг асосий сабабини инфляция эмас, балки фоиз ставкаси билан изоҳламоқда. Олтин акция ёки облигация каби даромад келтирмайди. Шунинг учун марказий банклар ставкани оширганда инвесторлар юқори даромадли активга ўта бошлайди. Айниқса, АҚШ Федерал захира тизими янги раҳбари Кевин Уоршнинг қатъий ёндашуви бозорга кучли сигнал бўлди.
Сўнгги ҳафталарда сармоядорлар фоиз ставкаси пасайиши эмас, аксинча яна оширилишини кута бошлади. Шу тариқа тилла бозоридаги кайфият ўзгарди. Илгари олтин нархи бўйича ўта умидвор фараз берган йирик молиявий институтлар ҳам баҳони қайта кўриб чиқмоқда. Масалан, “Goldman Sachs” ва “Bank of America” олтин қадри ўсиши эҳтимоли камлигини айтган.
Таҳлилчилар таъкидлашича, олтин ҳар доим ҳам инфляциядан ҳимоя воситаси бўла олмайди. Яъни, кўпроқ инфляция юқори бўлиб, марказий банк иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ставкани паст ушлаб турган даврда яхши натижа беради.Ҳозирги вазият эса бошқача: юқори ставка, кучли доллар ва барқарор иқтисодий ўсиш тилла учун жиддий босим омилига айланмоқда. Шу боис бозорда янги хулоса пайдо бўлди: инфляция ўсиши олтин учун мудом яхши янгилик эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА