Дунёда ядро қуроллари сони камаймоқда
Россия билан АҚШнинг саъй-ҳаракатлари натижасида дунёда ядро қуроллари миқдори камаймоқда.
Россия билан АҚШнинг саъй-ҳаракатлари натижасида дунёда ядро қуроллари миқдори камаймоқда, бироқ бундай қуролларга эга мамлакатлар уларни модернизациялаштиришда давом этмоқда, дейилади дунё муаммоларини ўрганувчи Стокголм халқаро институти (СИПРИ) эълон қилган маърузада.
Институт экспертларининг таъкидлашича, 2020 йилнинг бошида саккизта мамлакат - АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Кореяда тахминан 13,4 минг дона ядровий жанговар каллак бор эди. Бу 2019 йилнинг худди шу вақтидагига (13,9 мингта бўлган) нисбатан оздир.
«Умуман олганда, дунёда ядро қуроллари сони камайишда давом этмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида АҚШ ва Россиянинг жанговар каллакларини қуроллар таркибидан чиқариб ташлаётганини кўрсатиш мумкин. Шу билан бирга, АҚШда ҳам, Россияда ҳам ядро каллакларни алмаштириш, ракеталарни элтувчи тизимлар ва самолётлар, шунингдек, қурол ишлаб чиқариш объектларини модернизациялаш бўйича кўп маблағ талаб қиладиган кенг кўламли дастурлар ҳаётга жорий қилинмоқда», - дейилади маърузада.
Таҳлилчиларнинг аниқлик киритишича, ядро қуролларига эга бошқа мамлакатларнинг арсеналлари Россия ва АҚШникига қараганда сезиларли равишда кам, бироқ ушбу мамлакатларнинг барчаси ядро қуролларини элтувчи воситаларини ривожлантиришни ёки ядро қуролларини етказишнинг янги тизимини ишлаб чиқишни бошлаб юборган ёки шундай режаси борлигини маълум қилмоқда. Масалан, экспертларнинг таъкидлашича, Хитой «ўзининг ядро қуролларини сезиларли равишда модернизациялаш ёки кенгайтириш» йўлининг ўртасида турибди.
Маърузада таъкидланишича, Ҳиндистон билан Покистон ҳам қуроллар сонини ошириб бормоқда. Шимолий Корея эса 2019 йилда ядро қуроллари синовига мораторий жорий қилганига қарамай, ўзининг ядровий дастурига миллий хавфсизлик стратегиясининг марказий элементи сифатида эътибор қаратишда давом этмоқда.
Дунё муаммоларини ўрганувчи Стокголм халқаро институти (СИПРИ) 1966 йилда ташкил топган. У дунёда бўлаётган можароларни, қурол-яроғларни, қуролланиш ва қуролсизланиш устидан назоратни тадқиқ қилувчи мустақил таҳлилий марказ ҳисобланади.