Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши биз педагогларни ўз фаолиятимиз, ютуқ ва камчиликларимиз, халқ орасидаги мавқеимиз ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритишга ундади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши биз педагогларни ўз фаолиятимиз, ютуқ ва камчиликларимиз, халқ орасидаги мавқеимиз ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритишга ундади.
23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган мазкур йиғилиш педагог кадрларга эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигини яна бир бор исботлади.
Президентимиз халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир”, деган фикрини алоҳида таъкидлади. Демак, бугунги кун педагоглари ва ўқувчилари ўша энг улуғ иморатнинг муносиб соҳиблари бўлишлари керак. Бу давр талаби!
Мамлакатимизда 9 минг 700 дан зиёд таълим муассасалари фаолият юритаётган бўлса, шулардан 894 таси, қарийб 10 фоизи Тошкент вилоятида. Мамлакатимиз педагоглари каби Тошкент вилояти ўқитувчи-мураббийлари ҳам ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Сир эмас, ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди.
Мактабларнинг маҳаллий ҳокимликлар олдидаги “рейтинги” қайсидир маънода “кўп пахта терган мактаб отряди”, “кўп металлолом топширган мактаб”, “обуна режасини бажарган мактаб” каби сифатлар орқали белгиланар, таълим сифати, самарадорлик гўёки мутлақо кераксиз кўрсатгич эди. Ўтган давр ичида Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 6 та фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 21 та қарори қабул қилиниб, соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди. Ота-оналар, жамоатчиликнинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, мамлакатимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди.
Видеоселекторда алоҳида таъкидланганидек, таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири бор. Халқ таълими тизимига 13 мингга яқин эркак ўқитувчи қайтди. Бундан ташқари, педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Ўқитувчиларнинг иш ҳақи оширилди, узоқ туманларга бориб ишлаётган педагог кадрлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича аниқ мезонлар белгиланди, педагогларга 50 фоизгача қўшимча ойлик устамалар тўланмоқда. Давлатимиз раҳбари кўрсатмасига биноан 2020 йилда халқ таълими ходимлари ойлик иш ҳақи оширилади, узоқ қишлоқлардаги мактабларга ўқитувчиларни жалб этишни янада рағбатлантириш учун уларга уй-жой, автотранспорт учун кредитлар бериш борасида ҳам аниқ кўрсатмалар берилди.
Аммо тизимда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларга қарамасдан, бир қатор муаммолар борлиги, мактабларнинг моддий-техник базаси, айрим педагог ходимларнинг билим ва малакаси бугунги замон талабларига жавоб бермаслиги кўпчиликка маълум. Видеоселекторда мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарурлиги, мактаб ҳаёт-мамот масаласи, таъбир жоиз бўлса, келажак масаласи эканлиги, уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмаслиги, бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши кераклиги Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида таъкидланди. Айниқса мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш, оиладаги таълим-тарбия муҳити, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлиги масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Айнан мана шу масаладаги оқсоқлигимиз учун вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва турли кўнгилсиз ҳолатларни олдини олишга қаратилган ишларимизда самарадорлиги кам бўлиб қолмоқда.
Педагог, Тошкент вилояти халқ таълими тизимининг масъул ходими сифатида халқ таълими тизимида мавжуд 5 та муҳим масалаларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Биринчи ўринда таълим жараёнида тарбия, тарбия жараёнида таълим узвийлигини таъминлаш масаласи. Бу нима дегани? Аслида таълим-тарбия бир-биридан ажралмас ҳамда ўзаро узвий боғлиқ тушунча ва у тил қоидаларига мувофиқ жуфт сўз шаклида ёзилади. Аммо охирги пайтларда бу икки якдил тушунча орасида тафовут кучайиб кетмоқда. Биз таълим муассасаларидаги кун тартибимизга таълимни алоҳида, тарбияни алоҳида қўяётгандекмиз...
Таълим жараёнида тарбия ― бу фан мавзулари мисол ва машқларида уларнинг дидактик аҳамиятни ошириш, яъни ўқувчиларга у ёки бу фандан тушунчалар ҳосил қилишимизда обод ва ахлоқ нормаларидан оқилона фойдаланишимиз зарур дегани. Тарбия жараёнида таълим ― бу маънавият соатлари маъруза ва амалиётлари, уюштириладиган турли тадбирлар, саҳна кўринишлари, танлов ва мусобақаларда дарсликларимизда мавжуд билимларни турли шаклларда такрорлашга, эсга солишга уринишимиз даркор. Бу икки чамбарчас йўналишнинг бир хил самарага эришишига етаклайди. Амалиётга татбиқ қилинаётган Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси бу билим-кўникмаларни мустаҳкамлаб, ўқувчиларни спортга, китобхонлик ва касбга йўналтиради. Бир сўз билан айтганда, жамоат ишларида фаол ўқувчи фанларни ўзлаштиришда, фанларни ўзлаштиришда муваффақиятли ўқувчи эса жамоат ишларида фаол, яъни ҳам билимда, ҳам одоб-ахлоқда етакчи бўла олади. Бу масалага алоҳида, моҳирона ёндашув зарур.
Иккинчи масала дарс соатлари самарадорлиги билан боғлиқ. Мактабдаги дарс ўтиш жараёнидаги методик услуб фақат дарслик атрофида бўлиб қолмаслиги лозим. Дарслик ― бу маълум бир фан бўйича стандарт маълумотлар базаси, ундаги топшириқ ва масалалар ўша дастлабки тушунчаларни амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади. Бироқ бу ўқувчилар онгида ҳар доим ҳам “тушунча” даражасига ўтавермаслиги ― ўзлаштирилган билимни ҳаётий мисоллар билан мустаҳкамлай олмаётганимиздан келиб чиқмоқда. Бу масалада фикрлар хилма-хиллиги мавжуд. Аммо, фикримча, дарслик мавзулари ҳам уйга вазифа каби ўқувчи томонидан мустақил ўрганилишига эришишимиз, дарсликдан ўқиб ўрганилган билимлар педагог иштирокида, дарс жараёнида, интерактив мулоқот давомида мустаҳкамланиши, ҳаётий мисоллар билан тасдиқлаб борилиши зарур. Ўқитувчи фан мавзусини ўқувчиларга дарсликдаги матнни ўқиб бериш даражасида тушунтириб, дарсликда ёзилган уйга вазифани бажариб келиши билан чекланиб қолмаслиги зарур. Бизда эса кўпинча айнан шу жараён кузатилмоқда. Натижада дарсда мазмун-моҳияти тушунилмаган мавзу, ўзлаштирилмаган мавзу юзасидан уй вазифаси топшириғи ― методик услубимизга айланиб қолаётир. Оқибатда ўқувчиларимиз ўзлаштириши лозим бўлган 100 фоиз билимларнинг 15-20 фоизини баҳолаб боришга мажбур бўлаяпмиз.
Учинчи масала ўқитувчи ва ўқувчиларимизда давлат ва жамият мулкини авайлаб-асраш кўникмаларини шакллантириб бориш бўйича аниқ бир педагогик услубга эга эмаслигимиз. Давлатимиз томонидан ўқув муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун миллиардлаб маблағ ажратилади, муассаса атрофи ободонлаштирилади. Яна бюджет ҳисобидаги миллиард-миллиард сўмлик маблағлар эвазига мактабларимиз жиҳозланади, дарслик ва бошқа ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланади. Ўқитувчи ва ўқувчиларимизда эса бу давлат ва жамият мулкини асраб-авайлашга йўналтирилган бирорта кўникма ёки тадбирлар мавжуд эмас. “Давлат мулки ― бировнинг мулки”, деган эски ва нотўғри тушунчадан воз кечишимиз, ўқувчиларимизда “мактаб мулки ― менинг мулким”, “давлат мулки ― умумий мулкимиз”, “давлат ва жамият мулкини асраб-авайлаш менинг бурчим”, деган тушунчаларни шакллантириш лозим. Бу борада, аввало, ўқитувчи-педагогларимиз ўрнак бўла олишлари керак.
Тўртинчи масала хусусида Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселекторда ҳам алоҳида фикр ўртага ташланди ва мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш ҳақида керакли кўрсатмалар берилди. Хўш, бунинг учун нима қилишимиз керак? Тан олишимиз керак, маънавий-маърифий ва ахлоқий тарбия ишларимизнинг аксарияти сохта ва хўжакўрсин ҳисобот учун ўтказиладиган даражага етиб келдик. Мактабларимиз ҳақиқий маънавият ўчоғига, чинакам таълим-тарбия масканига айланмас экан, маориф тизимида ривожланишга, юксалишга ҳеч қачон эришолмаймиз.
Мактабдаги маънавиятчилар, психолог ва ёшлар иттифоқи етакчилари хатларга масъул мутахассислар бўлиб қолгани энг катта ва жиддий муаммоларимиздан бири. Таълим масканидан ўтказиладиган ҳар бир тадбирда ўқувчиларимиз ўзлари учун янгича билим ва кўникма, ижобий хулосалар олиши керак.
Бешинчи масала тўртинчиси билан боғлиқ. Биз педагоглар ўз касбий маҳоратимиз ва билим-тажрибамизни ошириб бориш билан бирга ҳар жабҳада ёшларга ўрнак бўла олишимиз керак. Адабиёт оламида “маънавий ҳуқуқ”, деган атама мавжуд. Бу дидактик ва панднома асарлар муаллифи, энг аввало, ўз ҳаёти ва ижодида ўрнак бўла олиши лозим, унинг ижобий самараси тезда намоён бўлади, дегани. Эрталаб дарсда одоб-ахлоқ ҳақида сабоқ берган педагог тушликдан кейин бир аҳволда ўқувчилар нигоҳида пайдо бўлиши ― эришаётган ўн ва юз бирлик касбий ютуқларимизни нолларга тенглаштириб қўяётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Биз педагоглар ҳам ёш авлодга таълим-тарбия беришда уларга ўрнак бўлолмас эканмиз, меҳнатимизнинг меваси кам, самараси шубҳали рақамлар ичида қолиб кетаверади.
Мухтасар айтганда, ўз муаммоларимизни таҳлил қилиб, ечим ва чорасини топмасак, халқ таълими тизимида ижобий натижаларга эришиш, бунинг самараси давлат ва жамият ҳаётида акс этиши қийин бўлади. Давлатимиз раҳбари ва жамоатчиликнинг эътибори халқ таълими тизимида экан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг таърифи билан айтилган энг улуғ иморат соҳиблари ўз фаолиятида улкан зафарларга эришмоғи лозим ва шарт. Зеро, халқ таълими тизимидаги муваффақиятлар барча соҳаларнинг ривожланишида пойдевор вазифасини ўтайди.
Бахтиёр САФАРОВ,
Тошкент вилояти Халқ таълими
бошқармаси бошлиғи в.в.б.