Дуал таълимнинг истиқболлари
Андижон давлат чет тиллари институтида “Ўзбекистонда дуал таълим моделини жорий этиш: тенденциялар ва истиқболлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиздаги қатор олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар, таълим соҳаси мутахассислари, иш берувчи, инвестор ҳамда битирувчи талабалар иштирок этди.
Анжуманда олий ўқув юртларида дуал таълим моделини жорий этиш, профессионал ва касб-ҳунар таълимида, умумий ўрта таълим мактабларида касбга йўналтириш, мактабгача таълим ташкилотларида ҳамда нодавлат таълим муассасаларида дуал таълим тизимини жорий этиш, мазкур йўналишдаги ютуқлар, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мутахассис ва иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш ва янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, анжуман давомида олий ўқув юртлари ҳамда иш берувчи ва инвесторлар ўртасида бевосита мулоқот ўтказилди. Битирувчи талабалар иш берувчи хўжалик субъектлари мутасаддилари билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, ўз мутахассисликлари бўйича вакант ўринлар билан танишди. Кўплаб иқтидорли талабалар тадбирнинг ўзидаёқ дастлабки суҳбатдан ўтди ва келгусида ишга жойлашиш бўйича келишувга эришди.

Тадбир доирасида “Замонавий таълим ва карьера” кўргазмаси ҳамда меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Унда вилоятдаги ўттизга яқин давлат ва хусусий ташкилотлар, халқаро мактаблар ҳамда йирик саноат корхоналари ўзларининг юздан зиёд бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дуал таълим модели назарий билимлар ва амалий тажрибани уйғунлаштириш орқали малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур модель таълим жараёни билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтириб, ёшларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош бўлишига хизмат қилади.

Ушбу республика илмий-амалий анжумани таълим тизимини такомиллаштириш, инновацион ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.