Дуал таълимда иш ва таълим берувчилар ҳамкорлиги
Самарқанд шаҳрида иш ва таълим берувчилар интеграцияси инновацион форуми ўтказилди.
Унда вилоятлар олий ўқув юртлари, профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, иш берувчилар, коллеж ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
– Профессионал таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, таълим дастурларини халқаро таълим стандартлари асосида жорий этиш, меҳнат бозорига малакали ўрта бўғин мутахассисларини етказиб бериш ҳамда иш берувчи малака талаблари асосида таълим жараёнларини ташкил қилиш бугуннинг бош мақсадидир – дейди Самарқанд вилояти олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов. – Фан ва техникавий тараққиёт профессионал таълим муассасалари олдига сифатли таълим бериш, меҳнат бозори эҳтиёжи ва истиқболини инобатга олган ҳолда малакали кадрларни тайёрлашни долзарб масала сифатида қўймоқда. Бу борада иш берувчилар билан ўрта бўғин мутахассисларини тайёрловчи таълим муассасалари интеграциясини йўлга қўйиш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Форум ушбу мақсаддан келиб чиқиб ташкил этилди.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 73 та профессионал таълим муассасаси, жумладан, 37 та касб-ҳунар мактаби, 14 та коллеж ва 22 та техникум фаолият кўрсатмоқда. Уларда 49 минг нафарга яқин ўқувчи 162 та касб ва мутахассислик бўйича таълим олмоқда. 25 та профессионал таълим муассасасида дуал таълим ташкил этилган бўлиб, 2284 нафар ўқувчи 26 хил касбни ўрганмоқда.
Жорий йилнинг 5 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида профессионал таълим муассасаларида ўрта бўғин кадрларини тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, дуал таълим шакли бўйича ўқувчилар сонини 50 минг нафарга етказиш вазифаси қўйилди.
Форум жараёнида профессиона таълим муассасаларида тайёрланаётган касблар бўйича тақдимот ва кўргазмалар ўтказилди, ўқувчилар ўзлари эгаллаётган касб бўйича маҳоратини намойиш этди.
– 1991 йилдан бери асаларичилик билан шуғулланаман, – дейди Иштихон тумани “Асрор ҳосили далалари” асаларичилик фермер хўжалиги раиси Шермамат Бобоназаров. – Ҳозирги кунда 100 та асалари уясидан йилига ўртача 2 тонна асал оламан. Энди бизга ишчи кучи керак. Шунинг учун Иштихон тумани 1-касб-ҳунар мактаби билан дуал таълим асосида шартнома қилдим ва 5 нафар ўқувчини ишга оладиган бўлдим. Ўқувчилар фермер хўжалигимда амалиёт ўтайди, ҳам меҳнатига яраша иш ҳақи олади.
Тадбир ташкилотчиларининг қайд этишича, ҳозирги кунда Германия, Англия, Япония каби бир қатор ривожланган давлатларда электрик, пайвандчи, чилангар, ҳайдовчи каби техник касблар, маиший хизмат кўрсатиш, меҳмонхона ва туризм хизматлари, умумий овқатланиш, соғлиқни сақлаш каби касбий таълим бўйича минглаб ишчиларга эҳтиёж бор. Жумладан, Германияда 562 мингта иш ўрни мавжуд экан.
– Бизнинг техникумда фармация иши, ҳамширалик иши, фельдшер-лаборант, фельдшер-акушер, стоматология йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда, – дейди Абу Али ибн Сино номидаги Самарқанд жамоат саломатлиги техникуми ўқитувчиси Насиба Ўроқова. – Икки мингдан ортиқ талабамиз ўттизга яқин даволаш-профилактика муассасалари билан шартнома асосида ўқув ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётини ўтамоқда. Германия стандартлари асосида ҳамшираларни қайта тайёрлаш ва тил ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил қилинган. Биз ўқувчиларни касбга ва тил ўргатишга тайёрлаяпмиз. Бугунги кунда юздан ортиқ талабамиз Германиянинг нуфузли клиникалари билан шартнома имзолаган, ишлашга тайёр, фақат диплом олишлари керак.
Форумда профессионал таълим тизимида компетенциявий ёндашув масаласи кун тартибига қўйилди ҳамда бу жараённи ўқув-методик таъминлаш мақсадида профессионал таълим муассасалари педагоглари ва ишлаб чиқариш таълими усталари учун М.Холмухамедов, С.Санақуловлар муаллифлигида тайёрланган “Профессионал таълимда компетенциявий ёндашув” ўқув қўлламаси тақдимот ўтказилди.
[gallery-17644]
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилганди.
Форум доирасида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги кенгашнинг йиғилиши ўтказилди. Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Феруз Абилов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткир Алижонов, Меҳнат бозори тадқиқотлари институти директори Муродулла Холмуҳаммедов сўзга чиқиб, меҳнат бозори учун халқаро стандартларга мос ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш масалалари юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Тадбирда дуал таълимни самарали ташкил этиш бўйича профессионал таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида икки томонлама келишувларга эришилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари