Дўстликда ёшлар фестивалига старт берилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилояти Дўстлик тумани “Ёшлар шаҳарчаси”да “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида “Ёшлар фестивали” ҳамда футбол ва мини-футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги”нинг 2026 йилги мавсумига старт берилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида мутасадди раҳбарлар иштирок этиб, мамлакатимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва спортга бўлган қизиқишини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Шу куни Дўстлик туманидаги Ёшлар марказида футбол ва мини-футбол мусобақаларининг қуръа ташлаш маросими ўтказилиб, туман босқичининг дастлабки жуфтликлари аниқланди. Унда ўтган мавсум ғолиблари ҳам иштирок этиб, ёшларга ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.
Фестиваль доирасида шахмат, киберспорт, волейбол, баскетбол, теннис, қўл кураши, турникка тортилиш ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳам ташкил этилди.
[gallery-28790]
Тадбирда таъкидланганидек, бу каби мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, янги иқтидорларни кашф этиш ва спортнинг оммавийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА