"Дўстлик оҳанглари"да ҳамкорлик ва дўстлик тараннум этилди
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида “Россотрудничество” ваколатхонасининг 25 йиллигига бағишланган “Дўстлик оҳанглари” тантанали концерт дастури бўлиб ўтди.
Юбилей концерти соҳавий ташкилотлар вакиллари, дипломатик корпус ходимлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, маданият арбоблари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ватандошлар ҳамда ваколатхона ҳамкорларини бирлаштирди.
Тадбирда “Россотрудничество” раҳбари Игорь Чайка (онлайн), Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Ерхов, “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельская ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу ташкилот фаолияти икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Ирина Старосельская қайд этганидек, ўтган 25 йил давомида Рус уйи дўстлик, таълим, маданият ва ёшлар ташаббуслари марказига айланган. Унинг таъкидлашича, мазкур маскан Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган минглаб инсонларни бирлаштириб келмоқда. Шу маънода, 25 йиллик фаолият дўстлик, маданий мулоқот, ёшлар ташаббуслари ва қўшма лойиҳалар тарихига айланган бўлиб, бу янги ютуқлар ва ҳамкорлик йўлидаги улкан ишларнинг бошланиши ҳисобланади.
[gallery-29617]
–Мазкур ваколатхона - Рус уйи ўз фаолиятининг 25 йиллигини нишонламоқда. Унинг асосий вазифаси мамлакатларимиз ўртасидаги маданий, таълимий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро алоқаларни ривожлантиришдан иборат. Рус уйи фаолияти доирасида талабалар, ўқитувчилар, маданият ва жамоат арбоблари ҳамда Россия билан боғлиқ соҳаларга қизиққан кенг жамоатчилик билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ерда таълимий дастурлар, маданий тадбирлар ва ёшлар лойиҳалари амалга оширилиб, кўплаб инсонлар учун янги имкониятлар очилмоқда. Йиллар давомида бу марказ икки давлат ўртасидаги гуманитар мулоқот, ишонч ва дўстликни мустаҳкамлайдиган муҳим майдонга айланди, –деди Алексей Ерхов.
Тадбирда “Россотрудничество” ваколатхонаси ҳамда С.А.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкент филиали талабалари ҳамкорлигида тайёрланган қисқа метражли фильм премьераси бўлиб ўтди. У ваколатхонанинг 25 йиллик фаолиятига бағишланган бўлиб, унда асосий лойиҳалар, гуманитар ташаббуслар ҳамда Тошкентдаги Рус уйининг ривожланиш тарихи ёрқин ифодаланган. Иштирокчилар фильмни катта олқишлар билан кутиб олди.
Юбилей концерти доирасида “Россотрудничество” ваколатхонаси ҳамкорларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Унда кўп йиллик самарали ҳамкорлик, гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон-Россия маданий ва таълим алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун эсдалик медаллари топширилди. Шунингдек, тадбир давомида грантлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Кечанинг маданий қисми Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Севара Назархон, россиялик таниқли хонанда Сосо Павлиашвили ҳамда “Авива” рақс жамоасининг чиқишлари билан янада файзли ва кўтаринки руҳда ўтди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА