“Дўстлик” маҳалласига сув келди
Халқимизда “Сув келтирган элда азиз”, деган ҳикматли гап бор. Зеро, ҳамма даврларда ҳам сувни далалар, бободеҳқонлар ихтиёрига етказиб бериш осон кечмаган. Юрт ободлиги, дастурхонимиз тўкинлигига сабаб бўладиган сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш ҳам бир санъатдир.
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ҳудудларда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, сувдан фуқароларнинг унумли ва ўринли фойдаланиши учун чоралар кўрилмоқда. Бу борадаги ишларни амалга оширишда сектор раҳбарлари ташаббус кўрсатмоқда.

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фукароларнинг бундан бир неча йил олдин ўрнатилган ичимлик суви яроқсиз ҳолатда эканлиги, натижада аҳоли қийналиб келаётганлиги ҳақидаги мурожаати сектор раҳбари томонидан ўрганилиб, ҳомийлар иштирокида 90 миллион сўм эвазига 2 ҳафта давомида 232 метр чуқурликда сув қазиш ишлари олиб борилди. Натижада тоза ичимлик суви чиқарилишига эришилди. Эксперт хулосасига кўра, сув ичиш учун яроқли эканлиги маълум бўлди. Маҳалладаги 200 хонадонда яшовчи 1136 нафар аҳолига тоза ичимлик суви етказилиши таъминланди.

– Тоза ичимлик суви олтинга тенг, – дейди Жамшид Бўриев. – Шундай улуғ кунда аҳолини қийнаб келаётган сув билан боғлиқ муаммо барҳам топди. Муаммоларимиз бирин-кетин ҳал этилиб, турмуш шароитимиз тобора яхшиланиб бормоқда. Энди бизнинг маҳалламизда ҳам сув бор.

Умр шундай ўтиб бораркан, халққа қилинган яхшилик асрлар оша яшайди.
Маълумот ўрнида: ушбу ичимлик сувини чиқариш Давлат дастурига киритилганида мутахассислар томонидан 450 миллион сўм маблағ кераклиги ҳисобланган. Ҳозир 360 миллион сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилди.
Нигина Шоева,
Журналист.