«Дўстлик» боғи тақдири нима бўлади?
Пойтахтимизда жойлашган собиқ Бобур – ҳозирги «Дўстлик» боғининг тақдири кўплаб музокараларга сабаб бўлаётган эди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Фурқат Маҳмудхўжаев ва Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов иштирокида боғ тақдирига бефарқ бўлмаган фаол аҳоли вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, боғ ўтган йиллар давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси балансида бўлиб, инвестор топилгунига қадар ёпиқ ва ташландиқ ҳолда бўлган.
Чиқиндиларни йиғиш ва дарахтларни суғориш билан бу ишга бефарқ бўлмаган кўнгиллилар, ободонлаштириш бошқармаси шуғулланган. Сўнгра боғ инвесторга топширилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳозир боғ шаҳар ҳокимлигига қайтарилди.

Тошкент шаҳар ҳокими томонидан аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда мазкур боғ юзасидан барча таклифларни умумлаштириб, реконструкция ишларини бошлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Учрашувда Яккасарой тумани ҳокими барчага ўз истакларини билдиришни таклиф қилди. Аҳоли томонидан «Дўстлик» боғига қўшимча дарахтлар экиш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш, бунда велосипед ва сайр учун йўлаклар, ўриндиқлар, фавворалар, спорт майдончалари қуришга асосий аҳамият қаратиш таклифлари берилди.
Шунингдек, қайиқлар мавжуд кўл, скейт ва роликлар учун ҳудуд, шахмат, кутубхона, болалар учун тўгараклар, уларга бепул кириш имконияти, ногиронлар учун янада қулай шароит яратиш лозимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида таклифларни тўплаш учун ижтимоий тармоқларда гуруҳлар ташкил қилиш ҳамда уларни умумлаштириш учун беш кишидан иборат ташаббускор гуруҳни тузишга келишилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА