Дори эмас, аммо дори каби реклама қилинмоқда: Биологик фаол қўшимчалар ортидаги мавжуд ҳақиқатлар
Бугунги кунда ахборот маконида рекламанинг таъсири тобора кучайиб бормоқда. Телевидение ва радио эфирлари, ижтимоий тармоқлар ва турли интернет платформаларида дори воситалари, витаминлар ва биологик фаол қўшимчалар ҳақида кўплаб хабарларни учратамиз. Уларнинг айримлари оддий маҳсулот сифатида эмас, гўё инсон организмидаги энг мураккаб муаммоларга ҳам тезкор ечим бера оладиган восита сифатида тақдим этилади.
Бир қарашда ҳаммаси ишонарлидек кўринади. Замонавий технологиялар, илмий атамалар, оқ халатдаги мутахассислар ёки машҳур юлдуз тавсияси, лаборатория тасвирлари, «табиий таркиб», «халқаро стандарт», «қисқа муддатда натижа» каби иборалар. Буларнинг барчаси истеъмолчида маҳсулотга нисбатан ишонч уйғотишга хизмат қилади.
Айниқса, инсоннинг соғлиғи ёки ташқи кўриниши билан боғлиқ муаммо мавжуд бўлса, бундай реклама янада таъсирчан бўлади. Ортиқча вазндан халос бўлиш, вазн йиғиш, соч тўкилишини камайтириш, тетикликни ошириш, иммунитетни мустаҳкамлаш ёки организмдаги айрим етишмовчиликларни тўлдириш каби мақсадларда одамлар турли маҳсулотларни сотиб олишга мурожаат қилади. Бироқ, муаммо шундаки, рекламадаги ваъда билан тиббий ҳақиқат ҳар доим ҳам бир нуқтада учрашавермайди.
Бугунги кунда айниқса биологик фаол қўшимчалар атрофида ана шундай саволлар кўпаймоқда. Улар дори воситаларига ўхшаш шаклда, ўхшаш қадоқларда ва баъзан тиббиётга хос терминлар билан тарғиб қилинади. Натижада истеъмолчида табиий равишда савол туғилади: бу маҳсулот организмнинг озиқавий эҳтиёжини тўлдиришга хизмат қиладими ёки муайян касалликни даволашга қодир дори воситасими?!
Биологик фаол қўшимча атамаси кундалик ҳаётимизга анча чуқур кириб келган бўлса-да, унинг дори воситасидан фарқи ҳамон кўпчилик учун етарлича аниқ эмас. Биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг айрим фойдали моддаларга бўлган эҳтиёжини тўлдиришдан иборат. Уларнинг таркибида витаминлар, минераллар ва бошқа биологик фаол компонентлар бўлиши мумкин. Дори эса муайян касаллик ёки патологик ҳолатни даволаш, унинг аломатларини камайтириш ёки организмдаги маълум физиологик жараёнларга фармацевтик таъсир кўрсатиш учун ишлаб чиқилади.
Бундай воситаларнинг самарадорлиги, хавфсизлиги, қўллаш кўрсатмалари ва қарши кўрсатмалари тегишли илмий ҳамда ҳуқуқий талаблар асосида баҳоланади. Демак, таркибида витамин, минерал ёки бошқа биологик фаол модда мавжудлиги маҳсулотни автоматик равишда дори воситасига айлантирмайди. Фойдали бўлиши бошқа масала, дори бўлиши эса умуман бошқа масала. Ана шу фарқни англамаслик эса истеъмолчида жиддий нотўғри тасаввур пайдо қилиши мумкин.
Биологик фаол қўшимчалар ҳақида гапирганда барча маҳсулотларни бир хил баҳолаш тўғри эмас. Айрим қўшимчалар инсон рационидаги маълум моддаларни тўлдириш учун қўлланиши мумкин. Бироқ, ушбу воситаларнинг рекламасидаги асосий мақсади маҳсулотни харидорга жозибадор кўрсатиш бўлиб туйилмоқда. Бунда ранглар, образлар, машҳур шахслар, ҳиссий мурожаатлар ва турли ваъдалардан фойдаланилади. Бу бизнес нуқтаи назаридан тушунарли бўлиши мумкин. Лекин гап инсон саломатлиги ҳақида кетганда маркетинг манфаатлари билан тиббий ҳақиқат ўртасидаги чегара ниҳоятда аниқ бўлиши керак. Акс ҳолда оддий биологик фаол қўшимча истеъмолчи кўз ўнгида «мўъжизавий дори»га айланиши мумкин.
Бугун реклама майдонида бунга ўхшаш ваъдаларни учратиш қийин эмас. Мисол учун, қисқа муддатда озиш, тезда вазн йиғиш, ташқи кўринишни яхшилаш, соч тўкилишини тўхтатиш, иммунитетни мустаҳкамлаш, организмни «тозалаш» ва бошқа кўплаб натижалар. Аммо бундан ҳам жиддийроқ ҳолатлар бор. Айрим рекламаларда биологик фаол қўшимчалар диабет, инсульт, гастрит, юрак-қон томир, жигар, буйрак, артрит, гипертония ва бошқа касалликларни даволашда самарали восита сифатида тарғиб қилинаётгани кузатилмоқда. Ана шу нуқтада масала оддий реклама эмас, балки истеъмолчининг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммога айланади.
Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда биологик фаол қўшимчалар билан бир қаторда малҳамлар, суртмалар, балзамлар, дамлама ҳамда минерал сувларнинг турли касалликларни даволаши ҳақидаги рекламалар кенг тарқалаётгани қайд этилётган эди. Рақобат қўмитаси бундай рекламаларга алоҳида эътибор қаратиб, биологик фаол қўшимчаларни дори воситаси сифатида талқин қилиш ёки уларнинг шифобахш хусусиятларини бўрттириб кўрсатиш мумкин эмаслигини эслатмоқда.
Ваколатли органлар хулосасига кўра, биологик фаол қўшимчаларнинг асосий вазифаси организмнинг фойдали моддаларга бўлган кундалик эҳтиёжини қондириш билан боғлиқ бўлиб, улар дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонунида биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасига нисбатан аниқ талаблар белгиланган. Хусусан, қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, бундай реклама маҳсулот истеъмолчида унинг дори воситаси ёки даволаш хусусиятига эга восита экани ҳақида таассурот уйғотмаслиги керак. Шунингдек, биологик фаол қўшимчалар рекламасида:
– одамларнинг даволангани ёки соғлиғи яхшилангани ҳақидаги ҳолатларга ҳавола қилиш;
– фуқароларнинг миннатдорлик билдиришлари ёки тавсияларидан фойдаланиш;
– соғлом овқатланишни рад этишга ундаш;
– тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги маълумотлар орқали маҳсулотнинг дори воситаларидан устунлиги ҳақида тасаввур уйғотиш мумкин эмас.
Бундан ташқари, бундай реклама «Ушбу маҳсулот дори воситаси эмас» мазмунидаги огоҳлантириш билан берилиши шарт. Кўрсатилган талабларнинг ўзи масаланинг моҳиятини жуда аниқ кўрсатиб турибди. Демак, қонунчиликнинг ўзи биологик фаол қўшимча билан дори воситаси ўртасидаги чегарани аниқ белгилаган.
Истеъмолчилар орасида кенг тарқалган яна бир хато маҳсулотнинг тегишли ҳужжати ёки сертификати мавжудлигини унинг барча тиббий даъволари тасдиқланганининг далили сифатида қабул қилишдир. Аслида эса маҳсулотнинг белгиланган тартибда муомалага чиқарилиши, унинг сифати ёки хавфсизлигига қўйиладиган талаблар бажарилгани бир масала, унинг муайян касалликни даволаш самарадорлиги бошқа масала. Шунинг учун «сертификатланган», «халқаро стандартларга мос», «табиий», «хорижий технология асосида ишлаб чиқарилган» каби таърифларнинг ўзи маҳсулотнинг муайян касалликни даволашини англатмайди.
Тиббиётда ишонч ширин сўзлар билан эмас, далил билан шаклланади. Илмий атамаларнинг кўплиги, чиройли қадоқ, машҳур инсоннинг тавсияси ёки рекламадаги таъсирчан образ маҳсулотни дори воситасига айлантирмайди. Дори ўзининг тиббий хусусияти, илмий асосланганлиги ва белгиланган талаблар асосидаги баҳоланиши билан дори ҳисобланади.
Бугун тиббий саводхонлик фақат шифокорлар учун зарур бўлган билим эмас. У ҳар бир инсон учун ҳаётий эҳтиёжга айланмоқда. Чунки реклама кўпайган сари танлов ҳам кўпаяди. Танлов кўпайган сари эса тўғри қарор қабул қилиш учун тушунчага эҳтиёж ортади. Шу сабабли соғлиқ ҳақида гап кетганда энг ишончли мезон – рекламанинг “баланд овози” эмас, илмий исбот бўлиши керак.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА