Дори-дармон воситалари арзонлашди, жарималар оширилди (+видео)
2026 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон рецепт билан сотиладиган қарийб 2 500 номдаги дори воситалари нархлари сезиларли даражада пасайтирилди. Масалан, антибиотиклар ва микробларга қарши воситалар 50 фоизгача, яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи дорилар 42фоизгача, асаб тизими дорилари 40 фоизгача, юрак-қон томири касалликларига қарши дорилар 37 фоизгача пасайтирилди.
Шу билан бирга дори воситаларини қиммат сотганлик учун жарималар миқдори ҳам оширилди. Шу ва соҳадаги бошқа ўзгаришлар ҳақида “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси бош мутахассиси Баҳодир Норматов билан суҳбатлашдик.
- Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб фармацевтика йўналишида қандай ўзгаришлар рўй берди?
- 1 июль санасидан бошлаб, шифокор рецепти билан бериладиган дори воситаларига белгиланган референт нархлар туширилгани барчамизга маълум. Бу ерда асосан антибиотиклар, қон препаратлари ва шунга ўхшаш воситалар 50 фоизгача нархлари тушди. Дорихона эгалари, тадбиркорлар томонидан агар беморларга маҳсулот қиммат нархларда сотилиши кузатиладиган бўлса Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бундай ҳолатларни дастур орқали аниқлайди ва Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасасига электрон равишда хабар келади. Бу ахборотни асос қилиб, ушбу дорихоналарда тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича вакилини хабардор қилиб, текширув тайинланади. Яъни, дори нархлари асоссиз баланд сотилган бўлса, далолатнома тузилади ва тадбиркорга тушунтиришлар берилади. Ҳозирги кунда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 165-моддаси 1-қисмига асосан биринчи марта 50-100 баробаригача жарима қўлланилади. Бу жарима 7 июлгача 5-10 баробаригача ҳисобланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fRI637dtYrE" title="Dori-darmon vositalari arzonlashdi, jarimalar oshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ёқуб Мелибоев, Искандар Исматов (видео), ЎзА