Дори бизнеси қурбонлари
Дори воситалари бизнеси мамлакатимизда жуда кенг ривожлангани ҳеч кимга сир эмас. Юзлаб дорихоналарнинг ёнма-ён фаолият юритиши юртдошларимизни ҳайрон қолдирмай қўйган.
Аммо бу хорижликлар эътиборини тортиб, уларни ҳайратга солиб, “Ўзбекистонда касаллар шунчалик кўпми?” деган саволларига сабаб бўлиб келмоқда.
Бироқ, фарммагнатлар ҳам, масъуллар ҳам негадир бундай эътирозларга парво қилмайди. Сабаби, дорихоналар замирида миллиардлар яширилган. Бундан эса осонликча воз кечиб бўлармиди?
Ваҳоланки, дори-дармонлар шифокор тавсияси асосида, зарур ҳолларда қабул қилинадиган воситалардир. Аммо амалда дорихоналарда оддий сотувчи бўлиб ишлаётган ўрта маълумотли фармацевт ҳам ҳар қандай касалга ўзи тахмин қилган ҳолда дориларни тавсия қилиб, сотиб юбораверади. Шундай бўлгач, кўпчилик шифокор ҳузурига бориш, текширувдан ўтишга кетадиган вақтни “тежаб”, тўғри дорихонага кирадиган одат чиқарди.
Энг ёмони, нафақат дорихоналар, балки дорининг сотувга чиқишигача бўлган жараёнда ҳам бизнес авж олган. Хориждан кириб келадиган дори-дармонлар қоидага кўра, таркиби текширилиши ва хавфсизлиги кафолатланган ҳолда сотувга чиқарилиши керак.
Амалда эса масъулларнинг кўзларини пуллар кўр қилиб қўяётган ҳолатлар йўқ эмас. Тошкент шаҳар судида давом этаётган “Док-1 макс” ва бошқа дори воситалари билан боғлиқ суд жараёнида айтилаётган фикрлар, берилаётган кўрсатмалар шундан далолат бермоқда.
Суд терговига жалб қилинган солиқ ходими суд жараёнида фармацевтика соҳасига хорижий давлатлардан кириб келган катта миқдордаги маблағлар оқими аниқланганини айтиб ўтди.
Бу маблағларнинг манбасини аниқлаш имкони бўлмаган. Аммо маблағлар соҳа ходимларини рағбатлантириш мақсадида ишлатилган.
Яъни, дориларни сертификатлаш, рўйхатдан ўтказишга масъул ходимлар, уларни реализация қилувчилар ва, ҳатто, шифокорлар бу маблағлардан мунтазам улуш олган.
Солиқчилар буни ҳужжатли текширувлар ва пул айланмаларини ўрганиш натижасида аниқлаган. Кейинги уч йил давомида айланган маблағлар ҳисобидан солиқ органи 9,8 миллиард сўм солиқ ундирган.
Эслатиб ўтамиз, “Док-1 макс” ва шунга ўхшаган дориларни қабул қилиш натижасида ўтган йили 65 нафар бола вафот этди. Мазкур жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар судида суд жараёни давом этмоқда.
Судья Мусо Юсупов раислик қилаётган суд мажлисида болалар ўлими билан боғлиқ дори воситалари тарқалишида иштирок этган 21 нафар айбланувчи суд олдида жавоб бермоқда.
Айтиб ўтиш керакки, “Док-1 макс” дори воситасидан вафот этган болалар бир кунда эмас, бир неча ой давомида вафот этган. Бунга сабаб бўлган буйрак етишмовчилигини шифокорлар эртароқ пайқаган, албатта. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар берилган. Бироқ, бу хабардан ўша вақтдаги вазир хабардор қилинмагани айтилмоқда.
Суд жараёни давом этмоқда. Суд тергови жараёнида саволларга жавоб бераётган судланувчилар ва бошқалар ўз вазифасини бажарганига, содир бўлган нохуш воқеага алоқаси бўлмагани ёки бевосита айбдор эмаслигини айтишга уринмоқда. Бироқ, гўдаклар ўлими, айниқса, уларнинг дори бизнеси қурбони бўлганини кечириш қийин.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/hPpiwd_6Dso?si=ybuhuyKVpHlYDYpX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Дониёр Якубов (видео),
ЎзА