Дўппи – ўзбек миллий либосининг ажралмас қисми
Президентимизнинг 2022 йил 27 майдаги қарорига мувофиқ, музейлар зиммасига маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар учун қўшимча хизматларни жорий этиш, Open Air Fest каби маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ва маҳорат дарсларини мунтазам асосда ўтказиш вазифаси юкланган.
Шу муносабат билан Амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида ўзбек миллий бош кийимига бағишлаб «DO‘PPI PARTY» кўнгилочар тадбири бўлиб ўтди.

Маълумки, дўппи ўзбек миллий либосининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу ажойиб бош кийимини тикиш ва безатиш Ўзбекистон халқ амалий санъатининг кенг тарқалган туридир. Илгари бош кийими эркаклар ва аёллар учун бир хил аҳамиятга эга бўлган, дўппи безаги эса, унинг соҳибининг жамиятдаги ижтимоий ҳолатини билдирган. Мазкур бош кийими азалдан форс ва туркий халқлар орасида кенг тарқалган. Туркистон халқлари (айниқса Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларида) у миллий либоснинг анъанавий қисми бўлган.

Ўзбек дўппилари бошқа халқларникидан ўзига хос шакли ва безагига қараб фарқланади. Улар асосан духоба ва шойига атлас, зарҳал иплар билан тикилади. Дўппи уч қисм: айлана ёки тўрт бурчак шаклидаги тепа қисми, кизак – гардиш ва жиякдан иборат бўлади.
Республикамизнинг турли вилоятларида уларнинг шакли ва безаги турлича бўлади. Дўппини асосан хотин-қизлар тикади, бироқ баъзан эркаклар ҳам бу иш билан шуғулланади.
Дўппиларнинг ташқи кўриниши бир-биридан безаги, бадиий рамзларининг уйғунлигига қараб фарқланади. Ҳар бир вилоятнинг табиий шароити, атроф-муҳити, аҳоли турмуш тарзи, анъаналари ва умумий маданият ривожи ушбу ҳудуд дўпписининг кўринишига катта таъсир қилган. Масалан, Сурхондарё ва Қашқадарё (айниқса, Бойсун)да думалоқ дўппиларни ёрқин ипларда, Бухорода эса, тилла ранг иплар билан тикишган.

Фарғона водийси дўппилари энг қадимги дўппилар ҳисобланади. Чуст, Марғилон, Қўқон, Андижон дўппилари уларнинг ёрқин намуналаридир.
Маҳорат дарслари давомида марғилонлик дўппидўзлар ушбу ҳудудда дўппи тикиш жараёнини намойиш этди. Тадбирга ташриф буюрганлар ҳунармандчиликнинг бу тури билан яқиндан танишиш ва ҳатто, ўз қўллари билан дўппи тикиб кўриш имконига эга бўлди.
Тадбир доирасида махсус мусиқий дастур ва ушбу анъанавий бош кийимига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА.