Донорлик акцияси ташкил этилди
«Адолат» СДП Сиёсий кенгаши марказий аппарати ташаббуси билан ҳар йили анъанавий равишда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва 3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш кунида ўтказиладиган хайрия акцияси тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтган давр мобайнида партия томонидан ташкил этилган донорлик акциялари доирасида республика миқёсида жами 6 минг 156 нафар донор иштирок этиб, 2 минг 154 литр қон йиғилди ва йиғилган қонлар 12 минг 312 нафар қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Республика қон қуйиш марказида ўтказилган донорлик акцияси давомида вазирлик ва идоралар, тижорат ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар, фаоллар, партия тарафдорлари, кўплаб кўнгилли юртдошларимиз бемор болалар ҳаётини сақлаш учун ўз ҳиссасини қўшиб, фаол иштирок этди.
Шунингдек, “AKFA group” компанияси «Меҳр карвони» акциясига ҳомийлик кўрсатиб, ушбу акция доирасида Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий маркази ва унинг Тошкент шаҳар филиали ҳамда Республика Гематология илмий-амалий марказида даволанаётган болаларга партиянинг ҳамда ҳомийларнинг совғалари топширилди.
Меҳр-оқибатни азалий қадриятларимиз қаторида эъзозлаб келувчи, хайр-эҳсон, савоб каби юксак тушунчаларни одамийликнинг энг олий жиҳати деб билувчи халқимизнинг нечоғлик савобталаб эканлигига бугунги акция иштирокчилари яна бир бор амин бўлдилар.
Тадбир якунида кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
[gallery-7390]
Моҳигул Қосимова, ЎзА