Донишмандлик, юксак тафаккур рамзи
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "Мурувват" ижодий гуруҳи билан ҳамкорликда буюк шоир бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан "Кеча келгумдир дебон..." номли адабий-мусиқий кеча ташкил этилди.
Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига
Самимий руҳда ўтказилган кечада аллома бобомизнинг ижоди, ибратли фаолияти, ҳаёт йўли ҳақида батафсил сўз юритилди.
Кеча аввалида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёрлари ижросида ҳазрат Навоийнинг ғазал ва достонларидан намуналар ижро этилди.
Кечада Навоий ижодиёти, адабий мероси, ҳаёт йўли миллий маънавиятимизда беқиёс ўрин эгаллаши алоҳида таъкидланди.
– Алишер Навоий ижоди ўзига хос даражада мукаммал, мураккабдир, – деди адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов. – Унинг асарлари учун наинки бугунги кунда, балки ўз даврида ҳам изоҳли луғатлар яратилган. Навоий ижодини одамларга янада кенгроқ сингдириш мақсадида улуғ алломанинг сиймоси адабий, кино, театр, тасвирий асарларда акс эттирилган. Навоий сиймоси Маҳмуд Музаҳҳибнинг миниатюра асарларида бор. Лекин миниатюра рамзий маънога эга, у барибир портрет эмас.
1947 йилда Владимир Кайдалов Навоий суратини чизишга киришади. Асар учун донишманд сиймо зарур эди. Уни Алихонтўра Соғуний хонадонига олиб боришади. Рассом Алихонтўра Соғунийга кўзи тушибоқ, Навоий портретини яратиш учун шунинг ўзи кифоя эканини билдиради. Рассом аллома портретини яратишда Алихонтўра Соғуний чеҳрасидан анча деталларни олган. Навоийдек аллома зотга бутун дунёда эҳтиром кўрсатилади.
– Навоий асарларига болаликдан қизиқаман, – дейди фидойи хонанда Оролмирзо Сафаров. – Бунда брайль усулдаги адабиётлар жуда қўл келган. Ойбек, Миркарим Осим, Азизхон Қаюмовдек ижодкорларнинг асарлари беназир шоир бобомизни ўрганишда жуда асқотган.
Кечада Алишер Навоий асарларининг маънавий-ахлоқий, тарбиявий жиҳатлари хусусида ҳам сўз юритилди. Шоир сўзи билан куйланувчи дилрабо қўшиқлар ижро этилди. Ғазалларидан намуналар янгради.
Н.Усмонова, ЎзА