Донишмандлик, дўстлик, қардошлик рамзи
Абай ижоди барча халқлар каби халқимиз учун ҳам чин дўстлик, қардошлик, донишмандлик, комилликка интилиш рамзи бўлиб қолаверади.
10 август – Абай таваллуд топган кун
Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи, бой ижодий мероси наинки қозоқ халқи, балки барча туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда. Бу йил Абай таваллудига 175 йил тўлди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади. Зеро, Абай ижоди теран фалсафа, келажакка донишманд нигоҳ, миллат истиқболи ҳақида қайғуришдек тамойилларга асосланиши билан ўзбек китобхонлари учун ҳам ғоят қадрлидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йиллар мобайнида қардош халқлар адабиёти, хусусан Абай ижодини мукаммал ўрганиш, асарларининг тарбиявий аҳамиятини тарғиб этиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 13 март куни қабул қилинган “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори халқимизни қардош қозоқ адабиётининг етук намояндаси ижоди билан янада кенгроқ таништириш имконини бермоқда.
Ушбу ҳужжатга кўра, Абай меросини ўрганиш, унинг асарларини чоп этиш, олимларимиз томонидан улуғ мутафаккир ҳаёти, ижоди, фаолиятини мукаммал тадқиқ этиш бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, илмий-адабий муассасалар томонидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Адабиётшунос Абдулла Рустамовнинг “Абай абадияти” рисоласи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Қалдибек Сейдановнинг шоир ижоди ҳақида “Умр ибратлари”, “Абай ва Ўрта Осий адабиёти”, Янгибой Қўчқоровнинг “Оққув қанотига қўнган оҳанглар” китоблари чоа этилди. Шоирнинг шеърлари “Кўзимнинг қораси” номли тўпламга жамланиб, Янгибой Қўчқоров таржимасида нашрдан чиқди. Яқинда эса пойтахтимиздаги “Donishmand ziyosi” нашриётида “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида Қодиржон Носировнинг “Мудрое слово Абая” (“Абайнинг доно сўзи”) китобини ўқувчилар қўлига етказди.
Абай ижоди барча халқлар каби халқимиз учун ҳам чин дўстлик, қардошлик, донишмандлик, комилликка интилиш рамзи бўлиб қолаверади.