“Долзарб 90 кун” тадбирлари қандай ўтмоқда?
Жорий йилнинг 15 май куни Президентимиз раислигида таълим соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ва мароқли ташкил этиш мақсадида “Долзарб 90 кун” тадбирлари илгари сурилган эди.
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги “Атоур” меҳмонхонасида вилоят ҳокимлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида давом этаётган “Долзарб 90 кун” тадбирлари ҳамда янги ўқув йили олдидан матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур ташаббус ижроси доирасида бўлиб ўтган кенг қамровли тадбирларда 17 мингдан ортиқ турли танловлар, 26 мингга яқин спорт мусобақалари, 22 мингдан зиёд давра суҳбатлари ва учрашувларга вилоятдаги 700 дан зиёд умумтаълим мактабларидан 337 547 нафар ўқувчи қамраб олинди. Бундан ташқари, 67 та кундузги соғломлаштириш майдончасида 10 минг, шаҳар ташқарисидаги оромгоҳларда 6250, “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги тўгаракларга 11 695, болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги тўгаракларга 2956, спорт секцияларига 23 минг, ўқув курсларига 41 минг ва касб-ҳунар ўрганишга 33 минг нафардан зиёд ўқувчилар қатнашди.
– Янги 2025-2026 ўқув йилида 62 мингдан зиёд жажжилар илк бор мактаб остонасига қадам ташлайди. Биринчи синф ўқувчилари учун “Президент совғалари” тақдим этилади, – дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов. – Шунингдек, 5 749 984 дона дарслик, машқ дафтари ва услубий қўлланмалар мактабларга етказилади. Ҳар бир ҳудудда биттадан жами 14 та “Жасорат мактаби” ташкил этилди. Вилоятдаги 618 та давлат боғчаси ва 720 та мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш жараёнларини қизғин якунига етказиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Матбуот анжуманида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни самарали ижросини таъминлаш, хусусан, илғор таълим дастурларини боғча ва мактабларга жорий этиш, таълим сифатини юксалтириш, педагогларнинг касбий ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, фан олимпиадаларида ўқувчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш, олий таълимга қамровни ошириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинганлиги қайд этилди.
Жумладан, жорий йил якунига қадар Наманган вилоятида мактабгача таълимга қамров кўрсаткичи 80,3 фоизга етказилади. Наманган шаҳри, Косонсой, Уйчи, Чуст ва Норин туманларида “Илк ривожланиш марказ”лари ташкил қилиниб, уларга боғчага бормайдиган, “Камбағал оилалар” реестрига киритилган 2 минг нафар бола қамраб олинади. Ўзининг ижобий натижасини берган Президент мактаблари ўқув дастурлари, методикаси бу йилда 150 та мактабда, жами 230 та мактабда жорий қилинади.
Алоҳида таълим эҳтиёжи мавжуд бўлган инклюзив синфларга жалб қилинган ўқувчиларга “Тўсиқсиз муҳит”, яъни эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 14 та мактаб тўлиқ жиҳозланади. Вилоятдаги таъмирталаб 78 та мактаб ва 20 та боғчада босқичма-босқич қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқотда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.