"Долзарб 30 кунлик» назорат тадбирлари давом этмоқда
Сўнги йилларда юртимиздаги мавжуд боғдорчилик, деҳқончилик хўжаликлари, шахсий томорқа, иссиқхоналар ва бошқа майдонларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш, яшил ҳудудлар барпо этиш бўйича бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Тошкент шаҳрининг умумий майдони жами 35 784 гектар бўлиб, шундан 6 833 гектари кўкаламзор ерлар, 137,65 гектари истироҳат боғлар ва 404 гектари мевали боғлар ҳисобланади. Ҳеч кимга сир эмас, яшил майдонлар шаҳарда қулай экологик муҳитни шакллантиришда асосий омиллардан бири.
Шунинг учун ҳам атмосферани тоза сақлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга айтиш мумкин, сўнги йилларда соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Айни кунларда Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан пойтахтимизнинг 12 та туманига бириктирилган карантин инспекторлари томонидан «Долзарб 15 кунлик» назорат тадбирлари йўлга қўйилган.
Тадбирдан кўзланган мақсад, аҳоли томорқа ер эгаларига яқиндан ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўсимликларни ҳар хил организмлардан ҳимоя қилиш каби оммавий кураш ташкиллаштириляпти. Шу билан бирга, мамлакатимизда ўсимликлар карантини тизимини янги босқичга кўтариш, соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Аҳоли хонадонларидаги карантин объектларини инспекторлар обдон текширмоқда.
– "Долзарб 30 кунлик" доирасида ҳудудимиздаги манзарали дарахтлар, гуллар ва бошқа ўсимликлар белгиланган тартибда зарарсизлантирилиб, далолатномалар расмийлаштирилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори Жамшид Турсунов. – Аҳоли яшаш жойларидаги мевали дарахтлар ҳам кўрикдан ўтказилди. Унда аниқланган зарарли организмларга қарши кураш чоралари кўрилди ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирлар доирасида мамлакатимиз ҳудудларида мавжуд мевали боғларга жиддий зарар етказиб, мавсумда ҳосилдорликнинг кескин камайишига ҳамда дарахтларнинг қуриб қолишига сабаб бўлган хавфли зарарли организмларга қарши тавсия этилган самарали мойли препаратлар билан профилактик ишлов беришни такомиллаштириш, шунингдек, бу ҳақида кенг жамоатчилик орасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олиб борилаётган назорат тадбирлари давомида зарарли организмлар мавжудлиги шубҳага олинган ўсимликлардан намуналар олиниб, сайёр лабораториялар ёрдамида текширилмоқда. Мониторинг давомида карантин остидаги маҳсулотларда зараркунандалар аниқланса, белгиланган тартибда зарарсизлантириш ишлари ташкил этиляпти.
Ш.Маматуропова,
ЎзА