“Долзарб 15 кунлик” тадбирлари давом этмоқда
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги жамоаси юртимиз бўйлаб жорий йилнинг 10 мартидан 10 апрелига қадар “Долзарб 15 кунлик” деб эълон қилди.
Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, иқлим ўзгариши ва ёғингарчилик кўпаётгани сабабли “Арча унсимон” қурти касаллиги тез ривожланиш кузатилмоқда.
“Арча унсимон” қурти зараркунанданинг личинка ва урғочилари арчанинг новдалари ва баргларини сўриб зарар етказади ва улар барча ер устки қисмлари билан озиқланади. Катталиги 2-3 миллиметр бўлган бу қурт сарғиш, қизғиш, кулранг тусда бўлиб, март-апрель ойларида пайдо бўлади. Тухум қўйиши май-июнь ойларида кузатилиб, ўртача 280 тагача тухум қўяди. “Арча унсимон” қурти ички карантин аҳамиятига молик зараркунанда сифатида рўйхатга олинган. У тарқалган жойлар ва ҳудудлар аниқланиши ҳамда бу жойлардаги арча кўчатларини бошқа жойга кўчириш мумкин эмас. У игна баргли ва манзарали дарахтларга салбий таъсир кўрсатади.
Долзарб ойлик доирасида ҳудудлардаги экинлар турли зараркунандалардан ҳимоя қилинмоқда. Зарарли бегона ўтлар тарқалишининг олдини олиш учун боғдорчилик ва деҳқончилик хўжаликлари, шахсий томорқа, корхона, ташкилот, катта йўл бўйлари ва бошқа майдонларда карантин инспекторлари назорат тадбирларини олиб бормоқда. Хусусан, пойтахтимиздаги яшил майдонлар, шоҳ кўчалар ва аҳоли яшаш жойларидаги арчазорлар карантин кўригидан ўтказилди. Асосий эътибор, “Арча унсимон” қурти каби бегона ўтлар тарқалишининг олдини олишга қаратилмоқда.
–Ҳозирда пойтахтимизда 35 минг гектардан кўпроқ майдоннинг, 7 минг гектари яшил майдонлардан иборат, – дейди Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспектори Нодира Мамажонова.– Уларда 220 турдаги дарахт ва 30 хилдаги бута мавжуд. Биз мавсум давомида турли зараркунандалардан асраш, қуриганларини йўқ қилиш, янги экзотик ўсимлик турларини кўпайтириш ишларини олиб боряпмиз. “Долзарб 15 кунлик” доирасида ҳудудлардаги манзарали дарахтлар, гуллар ва бошқа ўсимликлар белгиланган тартибда зарарсизлантирилиб, далолатномалар расмийлаштирилмоқда. Бу каби тадбирлар маҳаллаларда ҳам давом эттирилиб, аҳоли яшаш жойларидаги мевали дарахтлар ҳам кўрикдан ўтказилиб, унда аниқланган зарарли организмларга қарши кураш чоралари кўрилди ва зарарсизлантириш ишлари давом этмоқда.
Қайд этиш керакки, ҳудудлардаги йўлбўйлари, ўрмон хўжаликлари ва бошқа яшил майдонларда парвариш қилинаётган игна баргли, манзарали дарахт ва буталарга катта зарар етказаётган “Арча унсимон” қуртига қарши уйғунлашган тадбирлар олиб бориш самарали кураш тури ҳисобланади. Бу борада ҳамма биргаликда, баҳамжиҳат кураш олиб борса, самарадорлик янада кўпроқ бўлиши шубҳасиз.
Аслида ҳам мамлакатимизда ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини янги босқичга кўтариш, соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
ЎзА