Доғистонлик ижодкорлар билан учрашув
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Доғистон Республикасининг «Литературный Дагестан» газетасининг масъул муҳаррири, «Дагестанский писатель» нашриётининг асосчиси Марина Ахмедова билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид мамлакатимизда миллий адабиётимизни равнақ топтириш, ёзувчи ва шоирларнинг китобларини чоп этишга кўмаклашиш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимий эътиборда эканини таъкидлади.

Пойтахтимизда қад ростлаган сўлим ва файзли Адиблар хиёбони, турли ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ижод мактаблари, китобхонликни ривожлантиришга доир амалий ишлар бу борадаги ибратли саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намунасидир.
Учрашув давомида Марина Аҳмедова Доғистон халқ шоирлари Расул Ҳамзатов, Фазу Алиева ва бошқа кўплаб доғистонлик муаллифларнинг шеърларини, таржималарини таржима қилганини айтди.

Ўзбек ижодкорлари - Ғайрат Мажид, Маматқул Ҳазратқулов, Асрор Мўмин, Рисолат Ҳайдарова, Рустам Мусурмон ва бошқалар Расул Ҳамзатовнинг ижоди ҳамда у билан боғлиқ хотираларини ўртоқлашди. Дарҳақиқат, Расул Ҳамзатов шеърлари ўзбек китобхонлари учун ғоят қадрли. Уларда мардлик, матонат, миллий ўзлик, она тилига, Ватанга муҳаббат, орият ва диёнат каби мавзулар устувор аҳамият касб этади.
Расул оғанинг шеърлари мамлакатимизнинг бир қатор санъат дарғалари томонидан куйга солингани, бу қўшиқлар халқимиз қалбидан чуқур ўрин олгани эътиборга моликдир. Фазу Алиева собиқ шўролар даврида хотин-қизлар сафида биринчилардан бўлиб “Халқ шоири” деган юксак унвонга сазовор бўлган ижодкорлардан саналади.

Фазу Алиева назм ва наср, публицистикада бирдек самарали изланган, кўплаб асарлар ёзган. Оналарга эҳтиром, меҳр-муҳаббат, инсон умрининг мазмуни Фазу Алиева асарларининг бош ғоясини ташкил этган.

Тадбирда ҳар икки халқ ижодкор зиёлилари бир-бирларига эсдалик совғаларини топширди. Учрашувда адабий алоқалар ривожи хусусидаги режалар, таклифлар хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,
ЎзА