Диссертация ўз вақтида ҳимоя қилинса, илмий раҳбарлар рағбатлантирилади
Мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш, илмий кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва докторантларнинг илмий ишларини ўз вақтида якунлашини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда.
Ушбу тартиб илмий раҳбарларнинг масъулияти ва докторантлар билан ишлаш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, докторант диссертациясини белгиланган муддатда муваффақиятли ҳимоя қилган тақдирда, унинг илмий раҳбарига базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 ёки 80 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади.
Бу эса амалда ўртача 15 миллион сўмдан 35 миллион сўмгача бўлган рағбат пулларини англатади.
Мазкур чора илмий раҳбарларнинг докторантлар билан тизимли ишлашини кучайтириш, илмий тадқиқотларнинг ўз вақтида якунланишини таъминлаш ҳамда мамлакатда юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш жараёнини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА