Диний бағрикенглик ва виждон эркинлиги мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг муҳим йўналишларидан
Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси умумжамият манфаатларини инобатга олган ҳолда, дин ва давлат муносабатларини шаффоф, адолатли ҳамда барқарор асосда юритишга хизмат қилувчи муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Мазкур концепцияда белгиланган мақсад ва вазифалар, айниқса, бутун дунёда глобаллашув жараёни ниҳоятда авж олган ҳозирги даврда янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз бу ҳақда БМТнинг 78 сессиясида сўз юритиб, “...Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисоблаймиз”, дея бежиз таъкидламаганди. Бу борадаги муҳораба қуроли турли жойлардан келаётган ёт мафкуралар ҳамда айрим фуқаролар, хусусан, ёшлар орасида илгари сурилаётган, улар онгига зимдан сингдирилаётган турфа ғоялардир. Ким бу майдонда лоқайд бўлса, онги ва суверенлигини йўқотиб, мустамлакага айланади. Шунинг учун эътиқод муҳофазаси бугун ҳар қачонгидан кўра алоҳида эътиборга муҳтож.
Ҳа, бугун онг учун глобал курашда эътиқод энг катта ҳужум остида. Шу боис, энди соҳа вакилларининг малакасини ошириш, уларга суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат тамойиллари ҳамда қадриятларини сингдириш, ахборот муҳитини тўғри англаш қобилиятини шакллантириш ҳаётий заруратга айланган.

Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда шаклга эмас, моҳиятга, оқибатга эмас, сабабга эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатдан Президентимизнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини қатор сабабларга кўра, маънавий хавфсизлик доктринаси дейиш мумкин.
Биринчидан, ўзида халқ манфаати, инсон қадри борасидаги эзгуликларни жо қилган айни фармон соҳа ходимларининг малакасини муайян изчиллик асосида ошириб боришни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Фармонга асосан ташкил этилган Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида таҳсил олаётган тингловчиларнинг мутаассиблик ва радикализм каби экстремистик ғояларга қарши турувчи мутахассисларга айланиши учун барча имконият яратилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти фаолиятини ташкил этиш чората-дбирлари тўғрисида”ги қарори эса илмий муассасалар интеграцияси, модулли ва масофавий таълим, баҳолаш ва аккредитация тизими, халқаро ҳамкорлик платформасини аниқ белгилаб берган фармоннинг амалий дастури бўлди.
Айни шу ҳужжатлар соҳа ходимларининг ролини ўзгартириб, уларни жамият онги ва фуқаролар эътиқодини муҳофаза қилувчи посбонларга айлантиришга хизмат қилмоқда. Янги Ўзбекистонда бу ҳужжатлар асосида нафақат исломшунослик, балки эътиқод маданияти ҳам қайта шаклланмоқда. Шунинг учун малака ошириш курсларида тақдим этилган модуллар орқали Конституция, қонунлар ва демократик тамойиллар мазмун-моҳияти ўрганилади. Геосиёсий таҳдидлар ва ахборот манипуляциясига қарши туриш, ҳуқуқ, психология ва ёшлар билан ишлаш кўникмалари ҳосил қилинади.
Ушбу фармон ва қарор тимсолида янги Ўзбекистон изчил стратегияни қўлламоқда. Унга кўра, диний соҳа ходимларини билимли қилиш ва жамият онгини мустаҳкамлаш энг асосий вазифадир. Бундан кўзланган мақсад ҳеч қандай радикал ғоянинг жамиятда илдиз отишига йўл қўймасликдир.
Иккинчидан, мазкур фармоннинг халқаро имижни шакллантириш ва геомаънавий аҳамияти ҳам мавжуд. Ушбу йўналишда зарур хорижий тажриба тўпланган. Дунёда соҳа ходимларини давлат даражасида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган институтлар ҳамда дастурлар кўп, бу каби муассасалар тизими шаклланган.
Биз шарҳлаётган фармон ва қарорда Марокаш, Миср, Туркия, Малайзия, БАА каби мамлакатлардаги илғор таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма курслар, илмий стажировкалар ва онлайн семинарлар ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Ушбу ҳужжатлар талабларининг бажарилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда мўътадил эътиқод ва маърифий ёндашув намунаси сифатида тан олинишига хизмат қилади. Кўплаб мамлакатлар қаторида халқаро таълимдаги ҳамкорликни кучайтиради.
Учинчидан, янги Ўзбекистонда соҳа ходимларининг малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва институционал асос яратишни кўзда тутган фармоннинг асосий ғояси диний соҳа фаолларини тайёрлаш ва малакасини оширишни бир марказда жамлаб, уни давлат сиёсий ва маънавий барқарорлик тизимининг асосий бўғини сифатида қайта қуришдир. Илгари бу йўналишдаги фаолиятни турли идоралар турлича олиб юритган: ягона методика, ягона стандарт ва ягона баҳолаш тизими мавжуд бўлмаган.
Фармонда ходимлар тайёргарлиги оддий идоравий вазифа сифатида эмас, балки миллий манфаатлар даражасида белгилаб берилган. Унда таълимнинг модулли тизимини жорий этиш назарда тутилган бўлиб, бу тизим ҳар бир тингловчи эҳтиёжига мос дастурни танлаш имконини беради, фанлар аро интеграцияни таъминлайди. Малака даражасига қараб сертификатлаш имконини яратади.
Бу жаҳон амалиётидаги узлуксиз таълим моделини жорий этиш деганидир. Мазкур тизимдан қувват олган, соғлом фикрли мутахассис радикал ғояларнинг илдизини қуритади. Ёшларнинг қалбида эҳтиром уйғотади, жамиятда ишонч муҳити ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тўртинчидан, фармонда замонавий рақамли инфратузилмадан фойдаланиш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Ходимлар учун онлайн курслар, видеомаърузалар, тестлар ва сертификатлаш тизими ишга туширилиши, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида гибрид форматдаги ўқувлар ташкил этилиши кўзланган. Бу таълим самарадорлигини ошириш билан бирга вилоятлар ва чекка ҳудудлардаги диний соҳа ходимлари учун ҳам тенг имконият яратади.
Фармон ижроси доирасида мазкур йўналишда амалий ишлар бошланиб, ходимлар учун масофавий таълим имкониятлари ҳозирланмоқда. Онлайн платформалар орқали ўқув курслари ва видеомаърузалар ташкил этилиб, тингловчиларнинг билим даражаси баҳолаб борилмоқда.
Фаолияти бошланганига кўп бўлмаган институтда фармон ва қарор талабларига кўра соҳага доир миллий таълим стандартини ишлаб чиқиш йўлида қизғин меҳнат қилинмоқда. Зарур фанларни ўқитишда ягона методика ва терминология таъминоти чораси кўрилмоқда. Шу мақсадда институтда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлар, методик қўлланмалар ҳамкор ташкилотлар тавсияси ҳамда тингловчилардан олинган сўровномалар таҳлили ва бугуннинг талабларидан келиб чиқиб тубдан янгиланди.
Бундан ташқари, соҳада етук маҳаллий олимлар, мутахассислар ва амалиётчи диний соҳа ходимлари иштирокида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ушбу гуруҳлар миллий илмий асосларга таянган ҳолда фанлар бўйича ягона ёндашувни шакллантириш, ўқув мазмунини тизимлаштириш ва атамалардан фойдаланишда ягона стандартни белгилаш бўйича ишларни давом эттирмоқда.
Бешинчидан, фармонда белгилаб берилган мазкур ишлар якунланиши натижасида таълим тизимида ягона методика ва терминологияга асосланган, илмий жиҳатдан пухта ишлаб чиқилган миллий стандарт яратилиши кутилмоқда. Бу эса ўқитиш сифатини ошириш, таълим жараёнида бир хиллик ва узвийликни таъминлашга хизмат қилади.
Фармон эътиқод эркинлиги моделининг ҳуқуқий асоси ҳамдир. Бу ҳужжат туфайли диний соҳа ходимлари илмий, маданий ва ахлоқий етакчига айланади. Жамият маънавий барқарорлик ва тотувлик муҳитининг ҳақиқий соҳиби бўлади. Давлат ислом маърифати орқали ўзининг халқаро имижини мустаҳкамлайди.
Ҳозир институтда ҳар ойда 78 гуруҳ “Янги Ўзбекистон” феномени ва уни барпо этишга оид ислоҳотлар, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг мазмунмоҳияти, давлат ва дин муносабатлари, Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, хавфсизлик ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, дин билан боғлиқ геосиёсий жараёнлар таҳлили, оммавий ахборот воситаларининг радикал ғояларга қарши иммунитет шакллантиришдаги ўрни, мазҳабсизлик сабаблари, оқибатлари ва унга қарши илмий ёндашувлар каби модуллар асосида таҳсил олмоқда.
Аслида, малака ошириш ҳуқуқий ва дунёвий давлат шартларидан биридир. Шу боис, Ўзбекистон каби ҳуқуқий, дунёвий ва демократик давлатда ходимлар фақат эътиқод билан боғлиқ таълим эмас, балки давлат қонунлари, фуқаролик бурчи ва демократик тамойиллар ҳақида ҳам етарлича билимга эга бўлиши керак. Бу уларнинг фаолиятини қонун билан уйғунлаштиради. Шу билан бирга, давлат ва дин муносабатини мувозанатда ушлаб туради.
Малака ошириш тизимининг самараси шундаки, у назарий билим билан амалий фаолиятни бирлаштиради. Масалан, ақида, тафсир, фиқҳ каби исломшуносликка оид билимларни чуқурлаштиради. Дунёвий фанлар — ҳуқуқ, сиёсат, маънавият, социология, психология ва медиа саводхонлик орқали жамият билан ишлаш усулларини ўргатади. Бу икки йўналишни ўзида уйғунлаштира олган соҳа ходимлари жамиятда реал таъсир кучига эга бўлади.
Соҳа ходимларининг малакасини ошириш фақат ушбу жабҳани ислоҳ қилиш эмас, балки бутун жамиятни маънавий соғломлаштириш жараёнидир. Бу йўналишдаги ишлар Ўзбекистонни нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам маърифий марказ сифатида намоён этмоқда. Шунинг учун “малака ошириш” оддий ўқув курси эмас, балки дунёқараш ислоҳоти, интеллектуал синов майдони ва маънавий барқарорлик гарови дейиш мумкин.
Самарали малака ошириш орқали ҳар бир соҳа ходими эътиқодни фан ва ақл билан уйғун ҳолда талқин этадиган, қонун ва виждонни бир бутун маънавий тизим сифатида кўрадиган, жамиятда мулоқот маданиятини қарор топтирадиган фаол инсонга айланади. Бу эса, ўз навбатида, ушбу соҳа такомилига масъул бўлган барчамизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.
Ҳусниддин АҲМЕДОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги
Диний-маърифий соҳада малака ошириш
ва қайта тайёрлаш институти директори