Депутатлар тиббий кўрикдан ўтди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг бугун чақирилган навбатдаги сессияси олдидан депутатлар республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали мутахассислари томонидан тиббий кўрик ўтказилди.
– Президентимизнинг 2022 йил 26 январдаги “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда айни пайтда давом этаётган диабет ойлиги доирасида уюшган контингентда қандли диабет скринингини ташкил этиш мақсадида мазкур кўрик ташкил этилди, – дейди республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали раҳбари Г.Негматова.
– Бу аввало депутатларимизнинг ўз саломатлигига эътиборини ошириш боробарида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва диабетга қарши курашишда уларнинг фаол иштирокини кучайтиришга ёрдам беради. Шу кунларда филиал мутахассислари туманларга чиққан ҳолда ҳомиладор аёллар, 40 ёшдан ошган, ортиқча тана вазни ва семизлиги бўлган аҳоли қатламида диабет ва қалқонсимон без касалликларини эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида скрининг тадбирлари олиб бормоқда.
Жумладан, Ургут, Булунғур, Оқдарё, Пайариқ, Нуробод ва Нарпай туманларидаги оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларида ўтказилган кўриклар давомида 515 нафар фуқарода семизлик, 259 нафарида қалқонсимон без касалликлари, 145 кишида қандли диабет аниқланди. Хасталик аниқланган беморларга даволаш стандартларига асосланган ҳолда филиал эндокринологлари томонидан зарур тавсиялар берилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА