Депутатлар сектор раҳбарларининг ҳисоботини эшитди
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
ZOOM платформаси орқали ташкил этилган сессия ишида вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, доимий комиссиялар раислари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, бошқарма ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, шаҳар-туман ҳокимлари бошчилигидаги масъуллар ваа оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Унда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар тўғрисида сектор раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, вилоятда 43 минг 843 та эҳтиёжманд оиладаги 169 минг 337 нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилган. Уларнинг 48 минг 396 нафари меҳнатга лаёқатли ишсизлар ҳисобланади. Бугунги кунгача, ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилаларнинг 48 минг 396 нафар фуқароси ишга жойлаштирилган. Жумладан, оилавий тадбиркорлик йўналишида 3 минг 70 нафар, ҳунармандчилик йўналишида 232 нафар, жамоат ишларига 3 минг 128 нафар, инвестиция лойиҳалари ҳисобидан 911 нафар, агросаноат лойиҳаларига 3 минг 871 нафар, такрорий экин экиш бўйича 1 минг 759 нафар, қурилиш объектларида 314 нафар, ўзини ўзи банд қилиш бўйича 28 минг 997 нафар, ўз ишига тикланганлар, вакант иш ўринлари ва мавжуд корхоналарга ишга жойлаштириш орқали 6 минг 114 нафар фуқаро бандлиги таъминланган.
Вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ўз хонадонида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш мақсадида, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва саховатпеша ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 1 минг 943 та оилага 2,3 млрд. сўмлик маблағлар ажратилиши натижасида уларнинг даромад манбаи яратилди.
Хатлов якунига кўра, 9 тоифага кирувчи 26 минг 928 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида иккита йўналиш белгилаб олинди. 20 минг 809 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш ва 6 минг 745 нафар моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни тизимли равишда ижтимоий қўллаб-қувватлаш.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан олиб борилган ишлар натижасида 26 минг 928 нафар хотин-қизга тегишли амалий ёрдам кўрсатилди ва уларнинг муаммолари ҳал этилди.
Хусусан, биринчи тоифага кирган 20 минг 809 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 9 минг 850 нафар ишга жойлашган хотин-қизнинг 3 минг 637 нафари доимий ва 1 минг 286 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 27 нафарини жамоат кооперативларига жалб этиш, 989 нафар аёлнинг шахсий томорқаларини ривожлантириш, 38 нафарини касбга ўқитиш харажатларини қоплаш учун мақсадли субсидия маблағлари ажратиш, 181 нафарини тадбиркорликка жалб қилиш, 669 нафари учун ишсизлик нафақаси тайинлаш орқали ва 3 минг 23 нафарининг мустақил равишда бандлиги таъминланди.
Бугунги кунда, вилоят аҳолисининг 1 млн. 33 минг 285 нафари ёки 55 фоизини ёшлар шундан, 17 ёшгача бўлганлар 607 минг 697 нафар, 18-30 ёшгача бўлганлар 425 минг 588 нафарни ташкил этмоқда.

“Ёшлар дафтари”ни шакллантириш мақсадида вилоятдаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинида хатлов ўтказилди. Хатлов жараёнида ўтказилган сўровномаларда 18-30 ёшдаги 344 минг 506 нафар ёки 81 фоиз ёш томонидан анкета тўлдирилди ва Ягона электрон базага киритилди.
Таҳлилларга кўра, сўровномада қатнашган ёшларнинг 29 минг 718 нафарининг бандлиги таъминланмаганлиги, шундан 7 минг 99 нафари турли сабабларга кўра, ишлаш истагини рад этганлиги (қўшимча даромади бор, оиласи ўзига тўқ, ўқишга кирмоқчи, уй бекаси ва ҳ.к) аниқланди.
“Ёшлар дафтари” доирасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Бухоро вилоятида 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди. 6 бўлим, 80 банддан иборат дастур асосида 22 минг 619 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Жорий йилнинг 1 август ҳолатида “Ёшлар дафтари”дан 21 минг 34 нафар ёш чиқарилди. Қолган 1 минг 585 нафар ёш билан манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА