Депутатлар мавжуд муаммоларни ўрганди
Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлишиб, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бу борада парламент назорати самарадорлигини кучайтириш мақсадида аҳоли билан учрашлар ўтказмоқда.
Бундай хайрли жараёнларда O’zLideP депутатлари ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, Дилбар Усмонова ҳам халқнинг оғирини енгил қилиш йўлида ўзининг бор имкониятини сафарбар этадиган депутатлардан. У раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ Тошкент тумани кўп тармоқли Марказий шифохонада бўлди. Ўз навбатида тиббиёт ходимлари Тошкент туманидаги маҳаллаларда фаолият юритувчи ёшлар етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, туман халқ таълими бўлими мутасаддилари билан суҳбатлашди.


Унда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббиёт сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар белгилангани, бу борадаги ислоҳотларни тобора жадаллаштириб, ҳаётга самарали татбиқ этиш чоралари кўрилаётгани ҳақида сўз юритилди. Депутат Атхам Назирқулов Оҳангарон шаҳридаги ўз сайлов округида ташкил қилинган сайёр қабулда ҳоким Акром Эшонқулов билан биргаликда фуқароларнинг қатор муаммоларини ўрганди. Ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган муаммоларга жойида ижобий ечим топиш чоралари кўрилиб, уларга амалий ёрдам ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Депутат ўз сайловчилари билан ўтказилган учрашувларда янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган моддалар ва уларнинг мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш берди.


А.Мусаев,ЎзА.