Депутатлар кўмагида 238,9 миллиард сўмлик “Опен бюджет” лойиҳалари молиялаштирилади
Президентимизнинг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида депутатларнинг иштирокига оид белгиланган ташаббусларга кўра, парламент қуйи палатаси депутатларига “Опен бюджет”да ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан зарур лойиҳаларни танлаб олиш имконияти йўлга қўйилди.
Аввал хабар берилганидек, депутатларимиз март ойи якунида ўз сайлов округларига чиқиб, “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғолмай қолган энг эътиборталаб лойиҳаларни ўрганди ва ҳудудлар мутасаддилари билан маслаҳатлашилган ҳолда энг зарур лойиҳалар танлаб олинди. Мазкур жараёнда, албатта, депутатларнинг шахсий масъулияти, лойиҳаларда акс этган муаммоларни ичига кириб борган ҳолда ўрганиши ва адолатли қарор қабул қилиши муҳим аҳамиятга эга.

Бу борадаги рақамларга тўхталсак, халқ вакиллари ҳудудлардаги энг муҳим, ижтимоий жиҳатдан энг долзарб деб топган лойиҳаларни саралаб, жами 238,9 миллиард сўмлик лойиҳаларни маъқуллади.

Танланган лойиҳалар йўналишлар бўйича таҳлил қилинганда, қуйидаги йўналишлар устуворлик қилади.

Йўл ва кўприклар: 102,9 млрд. сўм маблағ 165 километрдан ортиқ ички йўлларни асфальт қилиш, кўприкларни таъмирлаш ва пиёдалар йўлакларини қуришга сарфланади. Айрим ҳудудларда қишда лой, ёзда чанг бўлиб, аҳолига ноқулайлик туғдирадиган йўллар ёхуд бир ҳудудни иккинчи ҳудуд билан боғлайдиган таъмирталаб ҳолатдаги кўприклар энди давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъмирланади. Натижада лой кечиб, чанг ютиб юришларга чек қўйилиб, аҳолига қулайликлар яратилади.
Таълим ва тиббиёт: 90,6 млрд. сўм маблағ 56 та мактаб, боғча ва шифохоналарни таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини янгилашга йўналтирилади. Бу эса минглаб фарзандларимизнинг таълим-тарбия олишида қулайлик, замонавий шароит яратиш, шунингдек, минглаб аҳоли вакилларининг сифатли тиббий ёрдам олиш имконияти демакдир.
Инфратузилма ва спорт: танланган лойиҳалар орасида 45,4 млрд. сўм маблағ маҳаллаларни электр энергияси билан таъминлаш, спорт майдончалари ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга объектлар учун ажратилади. Бу эса маҳаллаларни обод қилиш, одамлар учун фаровон турмуш шароитларини яратиш, жойларда Янги Ўзбекистон қиёфасини акс эттиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, депутатлар томонидан танланган ушбу лойиҳаларнинг молиялаштирилиши натижасида кўплаб маҳаллалардаги ўта эскирган ва одамлар хавфсизлигига таҳдид солаётган кўприклар, чекка ҳудудлар билан марказларни боғловчи муҳим йўллар ёхуд ички йўлар таъмирланади. Энг чекка ва “оғир” ҳудудлардаги ижтимоий объектлар замонавий кўринишга киради, инфратузилмаси яхшиланади. Мактаб ва боғчалар учун янги бинолар қурилиши ёхуд мавжуд бинолари таъмирланишига асос бўлади.
Энди кутилган натижаларга эришиш учун танланган лойиҳаларнинг амалга оширилиши, ҳар бир ишнинг сифатли бажарилиши ва бюджет маблағларининг манзилли, мақсадли сарфланиши устидан қатъий депутатлик назорати ўрнатилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА