Депутатлар бошқарма бошлиғининг ҳисоботини эшитди
Андижонда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастури”нинг аҳоли учун мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Нозим Абдуғаппаровнинг ҳисоботи эшитилди.
Халқ депутатлари Андижон вилоят ва шаҳар Кенгашларидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи томонидан ўтказилган тадбирда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлик гуруҳи аъзолари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Андижон вилоятида бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тизимидаги ишлар самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳисоботда Пенсия жамғармаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан вилоятдаги 393 минг нафар фуқарога ҳар ойда пенсия ва нафақа тўловлари учун ойлик талабномаларни ўз вақтида молиялаштирилиши ҳамда тўлиқ тўланиши таъминланиб, бу мақсадларга Пенсия жамғармаси ҳисобидан 2 триллион 677 миллиард сўм ва республика бюджетидан 276,6 миллион сўм маблағ харажат қилиниши таъкидланди.
Жорий йил 1 январь ҳолатига вилоятда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 378 минг нафарни ташкил этган бўлса, 1 сентябрга келиб, 15 минг нафарга ортди, уларнинг умумий сони 393 минг нафарга етди. Нафақа олувчиларнинг аҳоли умумий сонидаги улуши 12 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига асосан, жорий йил 1 майдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилган ҳолда янги миқдорларда тўланиши таъминланди.
Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштириш бўйича Пенсия жамғармасининг “Пенсия” дастурий мажмуаси ва барча тижорат банклари ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилган.
Пенсия ва нафақа олувчиларга ҳисобланган пенсия (нафақа) тўғрисидаги маълумотлар билан танишиб бориш, тизимда шаффофликни таъминлаш учун телеграмм тармоғида “pensyuuzbot” боти яратилди, айни кунда ундан қарийб 60 минг нафардан ортиқ фуқаро фойдаланмоқда.
Иштирокчилар томонидан пенсия тизимидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Бошқарма бошлиғи депутатларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА