Депутат халқ ичида
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Зафаржон Худойбердиев фаолияти давомида аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш, одамларнинг дарду ташвишларига бефарқ бўлмасликка алоҳида эътибор қаратмоқда.
Жумладан, Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги сайловчилари ҳузурида ташкил этилган "Халқ билан бирга" лойиҳаси асосидаги кенг қамровли тадбирларда муаммоларни жойида ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва инсон қадрини улуғлаш каби амалий ишлар олиб борилди.
Депутат Илёсбек Сиддиқов раислик қилаётган “Қўшқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нурали Абдураҳмонов биринчи гуруҳ ногиронлиги мавжудлиги сабабли махсус аравачада ҳаракатланади. У 2024 йил “Камбағаллик” реестрига киритилиб, “маҳалла еттилиги” кўмагида 10 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. Аввалига, телефон ва коммунал хизматлари тўловларини амалга ошириш шохобчаси, кейинчалик салқин ичимликлар ва музқаймоқ кафесини ишга тушириб, тўрт кишини иш билан таъминлаган. "Умид" акцияси доирасида унга тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Мазкур акция муносабати билан парламент вакили ушбу маҳалланинг яна бир фуқароси, бошидан не-не машаққатларни кечирган аёл Ўлмасхон Аҳмадалиева хонадонида бўлди. Буйрак етишмовчилиги бўйича тиббий амалиётларни ўтказган Ўлмасхон бундай аҳволдан чиқишига китоб ўқиш ёрдам берганини айтиши унинг чин маънода маънавиятли, бадиий адабиётга иштиёқи кучли эканидан нишона.
"Юракка йўл" акцияси доирасида хонадонларга уйма-уй кириб, фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш давом эттирилди. Қўшқишлоқлик биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Дилшодбек Жўраев ишлаб чиқариш жараёнида ўнглаб бўлмас асоратни орттириб олган. У берилаётган ижтимоий ёрдамлардан миннатдорлик билдириш асносида, шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишда баъзи ҳолларда муаммолар юзага келаётганлигини ҳам урғулади.
“Серҳаракат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳомжон Исоқов билан суҳбатда қайд этилишича, ҳудуднинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш борасида бир мунча ишлар қилинган. Табиий газ, ичимлик суви масаласи тўлиқ ҳал этилган. Сўнгги уч йил давомида "Ташаббусли бюджет" лойиҳасида олти бора ғолиб бўлиб, маҳалланинг барча ички кўчалари асфальтланган.

Бироқ муаммо шундаки, маҳаллада электр симёғочлари ва электр симларнинг эскирганлиги, электр линияларнинг томма-том ўтганлиги аҳолини бирдек ташвишга солмоқда. Бу ҳақда маҳалла оқсоқоли ва маҳаллий Кенгаш депутати кўмак сўралган аризани ёзма равишда тақдим этишди. Муаммо кўтарилди. Ишонамизки, у албатта, ечилади.
Ўрганишлар Тегирмонбоши маҳалласида давом этди. "Инсон қадри улуғланган юрт" акцияси доирасида фуқаро Мамлакат Пўлатова хонадонига кирилди. Уй бекасининг уч нафар фарзанди бўлиб, боқувчисини йўқотган. Қизи – 2012 йилда туғилган Фотима Алижонованинг туғма ногиронлиги бор. Қўл меҳнати билан шуғулланаётган қиз келгусида Паралимпиянинг велоспорт йўналишида чемпионликни қўлга киритиш ниятида.
"Оилавий тадбиркорлик ва касаначилик мактаби" акцияси доирасида Адҳам Усмонов томонидан ташкил этилган оилавий яшик ясаш цехи навбатдаги манзил бўлди. Якка тартибдаги тадбиркорлик шаклида ташкил этилган ушбу цехда 15 та иш ўрни яратилган. Тадбиркор билан суҳбатда иқтисодий самара, уни оилавий корхонага айлантириш афзалликлари хусусидаги сўз юритилди.
"Бир жамоа" акцияси бўйича эса, Нодира Қўзибоева томонидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан яқиндан танишилди. “Камбағаллик реестрига киритилган бу аёл қисқа муддатда “маҳалла еттилиги” ёрдамида 10 миллион сўм имтиёзли кредит олган ва реестрдан чиқиб, уйида ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этган. Эътиборлиси, бу хонадонда олти нафар хотин-қиз иш билан банд. Яшик ишлаб чиқариш билан бирга, уйида ўрдак, товуқ, эчки, қўй парваришламоқда.

"Халқ билан бирга” лойиҳаси тумандаги 9-сонли умумтаълим мактабида якунланди. Битирувчилар ва педагогик жамоа билан учрашувда уларнинг эришган муваффақиятлари, келгуси режалари хусусида мулоқотга киришилди. Илм даргоҳи билан мунтазам узвий ҳамкорлик ўрнатган депутатнинг қайд этишича, ўтган ўқув йили мактаб битирувчиларининг 57 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, ЎзЛиДеП томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” лойиҳаси халқимиз ҳузурида очиқ мулоқотлар ўтказиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишга қаратилган кенг қамровли дастур бўлиб, партиянинг жамият билан ҳамнафаслигини кўрсатади. Лойиҳа доирасида парламент вакили Зафаржон Худойбердиевнинг сайловчилар ҳузурида ўтказган тадбир ва мулоқотлари “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойилининг ҳаётдаги ифодасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири