Депутат шифокорларга кўмаклашмоқда
Лекин шундай инсонларимиз борки, улар ҳамиша халқ хизматида. Булар халқ ишончини қозониб, сайловда ғалаба қозонган –депутатлардир.
Карантин сабабли баъзи ташкилотларда вақтинча иш фаолиятини давом эттириш тўхтатилган, йўловчи ташиш транспорт воситаларининг қатнови ҳам чеклаб қўйилган, ходимлар эса меҳнат таътилида. Лекин шундай инсонларимиз борки, улар ҳамиша халқ хизматида. Булар халқ ишончини қозониб, сайловда ғалаба қозонган –депутатлардир.
“Azia Fruits Garden” МЧЖ раҳбари Фаррух Бекмирзаев 22 гектар ер майдонида ҳосил етиштирмоқда. У Қоровулбозор аҳолисига 500 килограмм товуқ гўшти, 3 тонна сабзавот маҳсулотлари ҳамда 3000 дан ортиқ тиббий воситаларни бепул тарқатган.
– Аҳолига бепул маҳсулотлар етказиб беришдан ташқари, “Қоровулбозор” деҳқон бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳар куни жуда арзон нархларда, жумладан, картошка 3000 сўм, пиёз 2000 сўм, помидор 8000 сўм, сабзи 1000 сўм ва товуқ гўштини 15500 сўмдан сотяпмиз, – дейди Ўзбекистон Халқ Демократик партиясидан Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Фаррух Бекмирзаев. -Ундан ташқари, бепул автовоситалар хизматини йўлга қўйдик. Фуқаролар телефон орқали кундалик эҳтиёж учун зарур маҳсулотларни ёздиришса, уларни ўз нархида автовоситалар хизмати ҳақисиз манзилларига етказиб беряпмиз.
Тадбиркорлик билан шуғулланаётган маҳаллий Кенгаш депутатлари меҳнат маҳсули эвазига етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан аҳолига тортиқ қилмоқда.
Худди шундай саховатпеша тадбиркорлардан бири Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати, “Шоҳруд” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Нодир Ҳамдамов.
Халқ ноиби вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида хизмат қилаётган 200 нафардан ортиқ тиббиёт ходимларининг ҳар бирининг хонадонида бўлиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тиббий воситаларни бепул тарқатди.
– Қизим Шоҳида Мухторова вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида шифокор бўлиб ишлайди, – дейди шифокорнинг онаси Холида ая Мухторова. – Кечаю кундуз шифохонада. Карантин эълон қилинганидан бери уйга келгани йўқ. Биз ва болалари билан фақат телефон орқали мулоқот қилаяпти. Шифокор қизим билан фахрланаман. Уларнинг меҳнатини шарафлаётганларга миннатдорчилигимни билдираман.