Депутат Наманганда муаммоларни аниқлади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Наманган вилоятидан сайланган депутатлар ўз сайлов округлари ҳудудларида бўлиб, жойларда ўрганишлар олиб бормоқда ва аҳоли билан мулоқотга киришмоқда.
Жумладан, парламент қуйи палатаси депутати, "Адолат" социал демократик партияси фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳрининг Янги Наманган туманидаги қатор маҳаллалар, умумтаълим мактаблари ва тиббиёт муассасаларида бўлиб, соҳа ходимлари ҳамда фуқаролар билан мулоқот ўтказди.
Халқ ноиби даставвал вилоят марказидан 20 километр олис манзилда жойлашган "Бунёдкор" маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишиб, ёшлар етакчиси Азизбек Қаҳҳоров билан ёш авлод ҳаётига боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлашди. Маълум бўлишича, ушбу маҳаллада 7 минг 600дан зиёд аҳоли яшаб келаётган бўлиб, уларнинг 1 минг 150 нафардан зиёди 30 ёшгачадир.
Маҳалла ҳудуди кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида обод ва кўркам қиёфага кирди. Бироқ аҳоли билан дилдан гаплашилганда, ичимлик суви ва суюлтирилган газ етказиб бериш, йўловчи ташиш транспортлари қатнови, чиқиндиларни ташиб кетишда талайгина муаммолар борлиги маълум бўлди.
Бундан 36 йил аввал қурилган 65-сонли умумтаълим мактаби лойиҳа бўйича 900 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни пайтда бу билим масканида икки ҳисса кўп, яъни 1 минг 800 нафардан зиёд ўқувчи ўқияпти. Аксарият болалар 5-6 километр масофадан қатнайди. Илм масканида жисмоний тарбия ва спорт дарслари ўтилиши учун шароит етарли эмас. Чунки қишки спорт хонаси тор. Мактаб ҳовлисида бунёд этилган спорт майдончаси эса талабга жавоб бермайди. Атрофи сим тўр билан ўралган. Бу болаларнинг футбол ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиши учун хавф туғдиради. Мактаб чиқинди тўплаш ҳудуди анча вақтдан бери тозаланмаган. Афтидан "Тоза ҳудуд" корхонаси масъуллари ўз вазифаларини унутиб қўйганга ўхшайди.
Маҳаллада аҳолининг мушкулини осон қиладиган тижорат банкларига қарашли банкомат, электрон шаклда тўловларни амалга оширадиган шохобчалар йўқ. Нақд пул ечиш учун одамлар шаҳар марказига анча йўл босиб бориб-келишга мажбур. Бунинг устига дорихона ҳам йўқ.
Мустақилликнинг ўн йиллиги кўчасида яшовчи хонадонлар симёғоч ўрнатилмаганлиги сабабли электр токи симларини чувалаштириб, қўлбола ёғочлар ёрдамида тортиб олишган. Тунлари қоронғи бўлиб, дайди итлар доимо хавф солиб тураркан.
Депутат Янги Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси марказий поликлиникасининг "Бўстон" филиалида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишди. Мазкур филиал замонавий кўринишда бунёд этилган бўлса-да, аллақачон бинонинг айрим хоналари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шунингдек, мутахассислар етишмайди. Тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланмаган. 180 беморга мўлжалланган бўлишига қарамай, яқин атрофдаги ўн бир минг аҳоли дардига шифо излаб шу ерга келади. Мулоқот давомида поликлиника замонавий компьютер билан таъминланмаганлиги маълум бўлгач, депутат шахсий компьютерини тиббиёт ходимларига совға тариқасида топширди.


Шунингдек, Дилмурод Исмоилов Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласи аҳлининг яшаш тарзи билан ҳам танишди. 6 мингдан ошиқ фуқаро истиқомат қилувчи ушбу маҳаллада аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий хизмат, банк, транспорт, мактаб, ичимлик суви, газ ва чиқиндилар, томорқаларни суғориш билан боғлиқ муаммолар борлиги кўзга ташланди.
Бундан ташқари, депутат Давлатобод туманидаги Халқлар дўстлиги маҳалласида фуқаролар билан ҳам учрашиб, одамлар томонидан кўтарлган мазкур ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини айтди.



Дилмурод Исмоилов ўрганиш ва мулоқотлар давомида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш борасида Янги Наманган ва Давлатобод туманлари ҳокимликлари ҳамда вилоят миқёсидаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мурожаат этишини билдирди.

Дарвоқе, ўрганишда аниқланган долзарб муаммолардан бири – банкомат масаласи Наманган шаҳар ҳокимининг амалий кўмагида ижобий ҳал қилинди. Қолган бир қатор жиддий муаммоларга ҳам тегишли мутасаддилар эътибор қаратишса, айни муддао бўларди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири