ДЕПУТАТ ЭЪТИРОФИ: Ҳеч ким эътибордан четда эмас...
Шу кунларда бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда.
Шу кунларда бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу эпидемия билан оғриган беморлар сони соат сайин ошиб бормоқда. Ҳаттоки ўлим сонинг ҳам ошаётгани кишини бир оз бўлса-да ташвишга солади. Бу эса касалликни енгиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланишини талаб этади.
Айни пайтда юртимизда ҳам ушбу вирус билан касалланган беморлар мавжуд. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан эса уни бартараф этиш чораларининг ўз вақтида кўрилаётгани боис соғаяётган юртдошларимиз сони ошиб бораётгани барчамизни қувонтиради, албатта.
Аммо ҳали қилиниши лозим бўлган ишларимиз талайгина. Буни Президентимиз 3 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида яна бир бор таъкидлаган ҳолда жамоатчиликни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашишда амалга оширилаётган тадбирларни янада фаол қўллаб-қувватлашга чақирди.
Президентимиз мурожаатида айтилганидек, мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, халқимиз саломатлигини ҳимоя қилиш, осойишталикни сақлашда кўрилган зарур ва самарали чоралар туфайли одамларда дастлабки кунларда туғилган саросима ва хавотирга барҳам берилди.
Давлатимиз раҳбарининг ҳозирги вазиятда ҳеч бир соҳани эътибордан четда қолдирмасдан карантин туфайли талофат кўриши мумкин бўлган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус кўрсатмалар бераётгани қувончлидир.
3 апрель куни қабул қилинган фармонга кўра, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ёрдамни оширади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон омили ҳамиша бирламчи эканлигидан далолат беради.
Шунингдек, Президентимиз ёшларга мурожаат қилар экан, уларга барча шароитлар яратиб берилаётган бир пайтда фақат ва фақат билим эгаллаши, китоб ўқиши талаб этилишини алоҳида таъкидлади.
Шуни алоҳида айтиш ўринлики, бугун республикамизнинг барча ҳудудларида юртошларимиз ҳамжиҳатликни эсдан чиқармаган ҳолда юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз дастурхони тўкинлиги йўлида бирдамликда ҳаракат қилмоқда. Саховатпеша юртдошларимиз ўзгалар ёрдами ва ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни ёлғизлатиб қўйишмаяпти. Уларга ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан кўмакдош бўлмоқда. Тадбиркорларимиз уларга ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзмоқда.
Кўпчилик аҳоли уйда ўтирган бир пайтда қатор тизим ходимлари фидойилик кўрсатиб касалликни бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Шундай экан, мутахассисларимиз томонидан берилаётган кўрсатмаларга қатъий амал қилайлик. Зарурат бўлмаса кўчага чиқмасдан, уйда ўтириб, уларни қўллаб-қувватлайлик. Бу эса бизнинг касалликни тез фурсатларда енгиш борасида олиб борилаётган ишларга қўшган ҳиссамиз бўлади.
Илҳом Ражабов,
ЎзМТДП Навоий вилояти кенгаши раиси, депутат.