Деновда олима ва фаол хотин-қизлар шарафланди
Мамлакатимизда Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни муносабати “Илмли аёл – жамият кўзгуси” мавзуида ўтказилаётган ҳафталик доирасида Сурхондарё вилоятида хотин-қизларнинг илмий салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган илмий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Вилоятнинг Денов туманида ана шу мавзуга бағишлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда олима аёллар, таълим, маданият каби соҳаларда ютуқларга эришаётган, юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган ҳамда халқаро кўрик-танлов, олимпиадалар ғолиб ва совриндори бўлган хотин-қизлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбир туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ҳамкорлигида ўтказилди.

Тадбирда Денов тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Лутфуллаева, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Раҳматулла Мамажонов ҳамда бошқалар кейинги йилларда мамлакатимизда жамиятимиз устуни бўлган оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш ва уларнинг илм-фан билан шуғулланиши учун етарли шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш бўйича берилган имтиёз ва имкониятлар, уларнинг илм-фан, таълим, маданият каби соҳаларда эришаётган ютуқлари, юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган аёллар, халқаро кўрик-танлов ҳамда олимпиадаларда ғолиб ва совриндор бўлаётган иқтидорли қизларнинг изланишлари ҳақида фикр алмашилди.

Айни пайтда Денов туманида 15 га яқин олима аёл ёш авлод камолоти йўлида хизмат қилмоқда. Уларнинг 11 нафари Денов тадбиркорлик ва педагогика институти талабаларига ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўргатаётир.

– Президентимиз ташаббуси билан туманимизда олий таълим муассасаси ташкил этилгани хотин-қизларимизнинг илм-фанга қизиқиш ва интилишини оширди, – дейди Денов тадбиркорлик ва педагогика институти хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси, доцент Нодира Ҳасанова. – Ҳозир институтимизда 11 нафар олима аёл меҳнат қилаётган бўлса, 20 дан ортиқ хотин-қиз турли фан йўналишларида изланишларини якунлаб, илмий ишларини ҳимоя қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Институтимизда олти нафар давлат номдор стипендианти бўлган қизлар таълим олаётир. Буларнинг барчаси мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда касбий фаоллигини янада ошириб, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини кенг намоён этиши учун яратилаётган шароитларнинг амалдаги самарасидир.
Тадбирда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариб, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириб, бандлик масалаларини ҳал этишда фаол бўлган олима аёллар эсдалик совғалар ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири