Денов адабий муҳити
Қўқон адабий муҳитидан фарқли ўлароқ Денов адабий муҳити ХХ аср охири ва ХХI аср бошларида шаклланди.
Бунга таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Денов туман маънавият тарғибот бўлими раҳбари Тоштемир Турдиев тўплаб, нашрга тайёрлаган “Денов тафаккур чароғлари” (Тошкент, Университет, 2010) номли китоб далил, ҳужжатдир.
Кейинги бир ярим минг йил давомида битилган манбалардан намуналар жамланган ушбу китоб ўқувчилар, хусусан, деновликлар қалбидан жой олгани бор гап.
“Денов тафаккур чароғлари”га 2015 йилда (Тошкент, “Мusiqa” нашриётида) чоп этилган “Чағониён тараннуми” ҳам китоби қўшилди. Унда Денов ҳамда Сурхондарёнинг бошқа туманларидаги эътирофга лойиқ бир қатор ижодкорлар асарларидан намуналар жамланган. Маҳаллий, турли касб-ҳунар эгалари бўлмиш ижодкорлардан элликдан ортиғининг фото – суратлари Денов ҳокимлигидаги Тоштемир Турдиевнинг хизмат хонасини бамисоли музейга айлантирган.
Денов – Чағониённинг энг қадим қишлоқларидан бири. Биз якқалам қилаётган адабий муҳитнинг ўқ илдизи Чағониён ва ўша қишлоққа бориб тақалади. Қадимги Чағониён ҳудуди ҳозирги Ўзбекистонимизнинг Бойсун, Қизириқ, Қумқўрғон, Олтинсой, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун туманлари ҳамда Тожикистон Республикасининг жанубий-ғарбий қисмларидан иборат. Ёзма тарихий тошбитиклар Абу Бакр ал-Сағоний, Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний, Абу Ҳамид Устурлобий ас-Сағоний, Абу Али Ҳусайн ибн Аҳмад Салломий, Абул Қосим Али ибн Муҳаммад Искофий, Тохарий, Маъруфий, Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад Дақиқий, Абу Али Салломий мисоли таниқли сиймолар Чағонёнда яшаб ўтганлигидан хабар беради.
Тўрт минг йиллик Эрон, Турон тарихини, энг қадим афсона, ривоят, қисса, юздан ортиқ достон, эллик подшолик, тўртта сулола борди-келдиларини кўкларга кўтарган, олтмиш минг байтдан иборат “Шоҳнома”дай асарнинг муаллифи Абулқосим Фирдавсий умрининг ўттиз уч йилида ёзганларининг дастлабки минг байти ибн Аҳмад Дақиқийники эди, деган. Бу шунчаки оддий эътироф эмас.
Тошкент тарихидан маълум ва машҳур алломалардан бири хожа Убайдуллоҳдир. У хожа Маҳмуднинг ўғли. Хожа Убайдуллоҳнинг бобоси хожа Ҳованд Таҳурнинг отаси шайх Умар Боғистонийдир. У ўғли хожа Ҳованд Таҳурга шундай насиҳат қилган: “Болам, мулла бўлма, сўфи бўлма, шайх бўлма, бўлгин мусулмон!” Хожа Убайдуллоҳни “мусулмон ким?” деган сўроқнинг жавоби қизиқтириб қолади. Самарқанд, Бухоро, Ҳирот уламо-фузалоларидан сўроғига жўяли жавоб топа олмайди. Ниҳоят, жавобни деновлик Яъқуби Чархий ибн Усмон ибн Муҳмуд ибн Муҳаммад Ғазнавий (1363-1447)дан топади: “Фуқаро манфаатлари учун яшамоқ – мусулмон бўлмоқ”. Ушбу илмий хулосаси билан мавлоно Яъқуб Чархийни Ғарбий Европа ҳам АҚШликлардан қарийб уч аср илгари “Касаба уюшмалари”га асос яратган дейиш ўринлидир.
Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” (Чўлпон нашриёти, Тошкент - 1993)да ёзганларидай “... Бухоро лафзи “Бух оро” сўзларидан келиб чиққан бўлиб, мўғуллар тилида “илм мажмаъи”. Нари борса, қайсики жойда илму фан, маънавият, моддий ишлаб чиқариш ривож топган бўлса, етук олиму орифлар яшаса, улар бошқа мамлакатлардан келган фуқароларга ҳам таълим-тарбия бера олса, турли миллат ва элат вакиллари тинч, осойишта яшасалар, одобу ахлоқда, мардлигу саховатда, поклигу эътиқодда, дину диёнатда бутун бани башарга ибрат бўла олса – ундай шаҳарга шариф мақоми берилган. Бухоро шундай етти шаҳардан бири эди. Шайх Умар Боғистонийнинг ўғли шайх Хованди Таҳур (13 аср охири – 1350) Бухорода ўқиди. У “Ислом арконлари ҳақида”, “Шариат ва тариқат масалалари ҳақида рисола”, “Ўнта шарт ҳақида рисола”, “Тариқат одоби ҳақида рисола” ва бошқа китобларини Бухорода ёзган. Бухоронинг “Шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат”дан иборат тўртта бозори туну кун одамлар билан гавжум бўлган. Бу обод ва тўкин бозордан Турди Фароғий, Бобораҳим Машраб, Хожа Самандар Термизий, Сўфи Оллоёр бир даврда, бир мақсадда илм олиб, савдо қилганлар. Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида улардан ҳар бирининг ижодидаги муваффақиятлари ўзларига хос ва мос бетакрор бир дунё. Айни дамда бизлар учун Сўфи Оллоёр (1644, Каттақўрғон беклиги Минглар қишлоғи – 1724, Денов) ҳазратлари муҳим. Чунки “Денов адабий муҳити” шаклланишида у зоти шарифнинг ҳам ижобий таъсирлари оз бўлгани йўқ. Деновлик ижодкорлардан қайси бири Сўфи Оллоёр шахсияти билан боғлиқ ривоятлар туғёни туфайли шеър, илмий мақола, қисса ё достон ёзмаган дейсиз...
Денов адабий муҳити тарғиботчиси Тоштемир Турдиев сурхондарёликлар қизи, Ҳамид Олимжоннинг назари тушган салоҳиятли шоира, Раъно Узоқова ижодини миридан сиригача ўрганди. Унинг вақтли матбуотда эълон қилинган шеърларини архив материаллари орасидан излаб топди, нашрга тайёрлади, китоб ҳолида ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Ҳозир Деновда Раъно Узоқованинг издошлари бисёр. Улардан Гуландом Тоғаева (2-даражали Соғлом авлод ордени, “Шуҳрат” медали ва бошқа давлат мукофотлари соҳибаси), Дилрабо Норқулова (2002 йилнинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори), Шаҳноза Турсунова (2005 йилда адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлган), Фарида Тошпўлатова (2011 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилган). Худди юқоридагилар мисоли Феруза Қурбонова билан Рухшонабону Абдураззоқова ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларидир. Шундай юксак мукофотларга даъвогар деновлик ижодкор қизлар сафининг охири кўринмайди.
Туманда “Денов адабий муҳити” тарғиботига хайрихоҳ инсонлар – беш нафар Ўзбекистон Қаҳрамони яшайди.
Таъбир жоиз бўлса, ана шу катта муҳитнинг камтарин ва ва фидойи вакилларидан бири, бу – Тоштемир Турдиев. Тоштемир аканинг ушбу сатрларига эътибор беринг:
Эй ҳалойиқ, Денов огоҳ,
Қуёш гувоҳ, фурсат ўқ.
Тоштемирнинг мўлжали кўп,
Кексаришга вақти йўқ!
Мўрчада ором бор, Тоштемир Турдиевда тиним йўқ. Академик Назар Тўраевнинг “Уй музейи”ни ташкил этди. Куни кеча у Хазарбоғдаги 27-сон умумий ўрта таълим мактабининг 100 йиллигини нишонлашда ташаббус кўрсатди. “Шуҳрат топган мактабнинг шарафли йўли” (Surxon – nashr, 2025) китобини ёзди. Китобдан ўқиймиз: “... мактабни 1953 йилда тамомлаган Тошпўлат Темиров Самарқанд Давлат университетининг математика фани ўқитувчиси бўлиб етишди... Ўқув масканини 1965 йили тамомлаган Виталий Касабринов Сибирь фанлари академияси академигидир. Алик Кисатаев эса Санкт – Петербург атом энергияси назорати бўлим бошлиғи. 1978 йили мактабни тамомлаган Дилбар Ахмедова Бухоро вилояти хотин-қизлар қўмитасининг раисаси...” Китобда қайд қилинган ва исмлари қайд қилинмаган, ҳавас қилса арзийдиган мактабнинг собиқ ўқувчилари Денов фарзандлари, “Денов адабий муҳити”га алоқадор давлат ва илм-фан арбобларидир.
“Денов адабий муҳити” таъсирида Ҳамид Бадалов (1928-1995), Менгзиё Сафаров (1938-1994), Аббос Малик (1938-2008), Чори Ёқубов (1940-2003) мисоли ўнлаб таниқли истеъдодлар етишди. Улардан ҳар бири ўзбек миллий адабиёти ҳам “Денов адабий муҳити” тарихида тенги йўқ, бетакрор сиймолардир. Мисол учун Тоғай Муроднинг ўзи ҳақида ёзган “Мен”ига назар ташлаймиз:
“Саводни мазаси йўқ. Москвада ўқиб келмасам бўлмайди, дедим. Дардим ўқиш бўлмади. Дардим прокуратуралар бўлди, дардим судлар бўлди.
Бир оёғим институтда бўлди, бир оёғим судларда бўлди.
Мен таниш-билиш йўли билан тергов матнларини сотиб олдим. Икки оғиз ахборот олиш учун яримталар қуйдим.
Ўшанда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси қиссаларим учун Ойбек мукофоти бериб эди. Ана шу мукофот пулини зиндонлардан ахборот олиш учун сарфладим.
Мен эртадан кечгача судларда ўтирдим. Суд йўлакларида ўтирдим. Суд дарвозаси олдида тик турдим.
Судга киритмаса, қўшни уйлар чердагига чиқиб судни пойлаб ўтирдим.
Мен ўз кўзим билан кўрдим, ўзбек халқининг юлдуз зиёлиларини тепиб-тепиб зиндон машинага босдилар. Ўзбек халқининг гултож зиёлиларини уриб-уриб зиндон машиналарига солдилар. Ўзбек халқининг сара зиёлиларини оёқ-қўлидан олиб, зиндон машиналарига отдилар.
Мен Москвада ўқимадим, мен Москвада ўзбек халқининг қайғуси билан яшадим.
Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!”
Бугун “Денов адабий муҳити”, уни қайта жонланиши, тарғиб-ташвиқотини Тоштемир Турдиевсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Хушбоқ Раҳим,
фалсафа фанлари номзоди, “Дўстлик” ордени соҳиби