Деҳқонобод подстанцияси қуввати 4 баробарга оширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги Деҳқонобод подстанциясида электр таъминоти инфратузилмасини янада мустаҳкамлашга қаратилган йирик модернизация лойиҳаси амалга оширилмоқда.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, ортиб бораётган юкламаларни барқарор қоплаш мақсадида подстанция қувватини ошириш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида Тошлоқ, Ёзёвон ва Қўштепа туманларининг электр таъминотида муҳим аҳамиятга эга мазкур подстанциядаги 10 минг кВА қувватли трансформатор ўрнига 40 минг кВА қувватли янги куч трансформатори ўрнатилмоқда. Айни пайтда мутахассислар томонидан ускунани жойлаштириш, монтаж қилиш ва электр тармоқларига улаш ишлари давом этмоқда.
Лойиҳа якунланиши натижасида электр таъминотининг ишончлилиги ва сифати ошиб, истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш имконияти яратилади.
[gallery-29805]
Шунингдек, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини электр тармоқларига улаш имкониятлари ортиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилади.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур модернизация лойиҳаси ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилиш баробарида, вилоят энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА