Деҳқонларимизга сифатли уруғлик қандай етказиб берилади? (+видео)
“Сифатли уруғлик - мўл ҳосил гарови” эканлигини кўпчилик яхши билади. Лекин уни тайёрлаш, зарарли ҳашаротлардан сақлаш, фермер, кластерларга серҳосил ва кафолатланган уруғлик етказиб беришчи, албатта буни ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Бу чуқур билим ва катта эътибор талаб этиладиган жараён. Ана шу машаққатли ва масъулиятли ишларни таништириш ва амалда кўрсатиб бериш мақсадида Ўзагроинспекция томонидан пресс-тур ташкил этилди.
“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасасида уруғлик тайёрлашнинг энг муҳим жиҳатлари, лаборатория таҳлиллари журналистларга тушунтирилди.
Айтиш керакки бу ерда янги тизим асосида лаборатория текширувлари ташкил этилган. Уруғ сифатини баҳолашда қўлланиладиган QR код ва ёрлиқлаш ишлари ҳақида соҳа мутахассислари томонидан шу ернинг ўзида пресс-тур иштирокчиларига батафсил маълумот берилди.
Таъкидландики, марказ томонидан 2026 йилнинг биринчи чорагида жами 2 минг 338 та ариза қабул қилиниб, шундан 1551 таси импорт, 787 таси эса маҳаллий уруғликлар ҳиссасига тўғри келади. Уруғлик ва кўчатларга берилган аризалар асосида жами 3 млн 750 минг донадан зиёд QR кодли ёрлиқлар тақдим қилинди.
Пресс-турнинг кейинги манзили Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида фаолият юритаётган “Картошкачилик маркази” бўлди. Айтилдики жорий йилда уруғлик картошка бўйича 7 минг тоннадан ортиқ намуна текширилиб, 6805 тоннаси ижобий, 68 тоннаси салбий баҳоланди, 188 тоннаси бўйича синовлар давом этмоқда.
- Бўстонлиқ туманидаги “Картошкачилик маркази” уруғлик ва егулик картошкаларни фермерлар ва аҳолига етказиб беришга ихтисослашган, - дейди “Картошкачилик маркази” мутахассиси Илёс Тилаволдиев. - Ҳозирги кунда ушбу маҳсулотларимизни ишлаб чиқариш жараёнлари олиб борилмоқда. Уруғлик картошкалар мижозларга сифатли қадоқланган ҳолда етказиб берилади. Бу қадоқ олдинлари қоғоз шаклида умумий маълумотлар: картошка характеристикаси, ҳажми ва репродукциялари тақдим қилинган бўлса, ҳозирги кунда электрон тизимли QR код орқали ҳар бир қадоқ устига этикеткаланиб, топширилмоқда. Бунинг афзаллик томони ҳар бир мижоз маҳсулот ҳақида кўпроқ керакли маълумотга эга бўлиши мумкин.
Бу ерда ҳар бир уруғлик чуқур лаборатория текширувларидан ўтказилиб, зараркунанда ва касалликлардан холи сифатли уруғлар ижобий хулоса олганидан сўнг деҳқонларимизга етказиб берилади. Албатта деҳқон манфаатини кўзлаб марказда ҳосилдорлиги юқорилиги, касалликларга чидамлилиги, сақлаш ва ташишга алоҳида эътибор қаратилади.
Янгийўл туманидаги уруғликларни сақлаш ва жўнатиш билан шуғулланадиган корхона фаолияти пресс-турга якун ясаб берди. Ушбу манзилда уруғлик сифатини бузмай қандай ҳароратда сақланиши, логистика имкониятлари ва фермерлар учун яратилган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Пресс-тур давомида журналистларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоблар қайтарилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/q-TnGUh-hSg" title="Dehqonlarimizga sifatli urug‘lik qanday yetkazib beriladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА