Деҳқончилик ҳадисини олган миришкорлар
Андижон вилояти Избоскан туманида томорқадан унумли фойдаланиш, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш орқали даромад топаётган, нафақат ўз оиласи, балки маҳалласидаги кўплаб ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаётган оилалар кўп.
Қораянтоқ маҳалласи Сарбон кўчасида яшовчи Аъзамжон Тошпўлатовлар оиласи ҳам ана шундай миришкорлардан. Ушбу оиладаги беш нафар ака-ука бундан ўн йиллар аввал маҳаллада биринчи бўлиб ўз томорқасида иссиқхона барпо этиб, гулчилик билан шуғуллана бошлаган. Уларнинг кўмаги ва маслаҳати билан маҳаллада яна кўплаб оилалар иссиқхона ташкил этиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди.
– Айни кунда маҳалламиздаги 729 та хонадонда 4 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Избоскан туманида Қораянтоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Марҳабохон Мўминова. – Маҳалламиздаги 158 та хонадон эгалари ўз томорқасида иссиқхона барпо этган. Иссиқхоналарда асосан, резаворлар, бодринг, помидор, лимон етиштирилади. Бундан ташқари, турли кўчатлар етиштириш борасида ҳам яхшигина тажриба тўпланган. Мазкур хонадонлардаги иссиқхоналарда етиштирилаётган ноз-неъматлар халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминлаш билан бирга, оилалар бюджетига яхшигина даромад келтирмоқда.
Миришкор деҳқон учун ердан қадрлироқ ва бебаҳо неъмат йўқ. Томорқа соҳибининг самарали меҳнати, интилиши, изланиши билан нафақат унинг ўзи, балки жамият ҳам манфаат кўрмоқда. Энг муҳими, кўплаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланмоқда. Кейинчалик Тошпўлатовлар оиласи қўшимча ер олиб ўз иссиқхоналарини кенгайтирди. Етиштирилаётган маҳсулот ва ишловчилар сони ҳам янада ортди. Бугунги кунда Қораянтоқ маҳалласида яшовчи ушбу оила вакиллари томонидан қарийб 3 гектарга яқин майдонда барпо этилган иссиқхоналарда цитрус мевалар – лимон, мандарин, апельсин каби цитрус мевалар етиштирилмоқда, шунингдек, цитрус мевалар кўчатлари ҳам тайёрланиб, харидорларга етказиб берилмоқда.
– Ер хазина, ундан унумли ва самарали фойдаланилса, инсонга беҳисоб неъматлар, катта бойлик беради, – дейди Аъзамжон Тошпўлатов. – Айниқса, изланиб меҳнат қилинса, олинадиган даромад бир неча баробар юқори бўлиши мумкин. Биз йиллар давомида иссиқ ўлкаларда пишадиган цитрус меваларни ўзимизда етиштиришга эришдик, қолаверса, ана шу мевалар кўчатларини тайёрлашни ҳам йўлга қўйдик.
Бу ишлар албатта, осонликча бўлгани йўқ. Бунинг ортида қанча-қанча меҳнат, машаққат ётибди. Энг асосийси, ана шу йўналишда ўз тадбиркорлигимизни йўлга қўйиб, яхши даромад оляпмиз, кўплаб маҳалладошларимизни мавсумий ишларга жалб этиб, уларнинг ҳам даромадини оширишга, бандлигини таъминлашга ёрдам беряпмиз.
Ҳозирда А. Тошпўлатов оиласига қарашли иссиқхоналарда апельсин, мандарин сингари цитрус мевалар билан бирга, минг тўпдан зиёд пальма, лимон, шунингдек, турли навлардаги гул кўчатлари парваришланмоқда. Ўз томорқасидаги иссиқхоналарда помидор, бодринг, турли резаворлар етиштираётган, турли-туман гуллар, бодринг, помидор, қалампир, булғор қалампири кўчатларини парваришлаб, йилига икки, уч марта ҳосил олаётган маҳалла аҳлига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.
Бир сўз билан айтганда, бугун Қораянтоқ маҳалласида томорқадан унумли фойдаланиш борасида юқоридаги каби ибратли ишлар изчил олиб борилмоқда. Бу ўз навбатида деҳқончилик маданиятини, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга, оилалар даромадини оширишга, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА.