Деҳқон, фермер ва кластерлар фаолияти янада ривожланади
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Мавлудахон Хўжаева Риштон туманидаги маданият марказида сайловчилар билан учрашди. Унда ҳудуд фаоллари, туман кенгаши депутатлари, фахрийлар, хотин-қизлар ва ёшлар, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сайловчилар дастлаб номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган асосий йўналишлар билан таништирилди. Ундаги муҳим жиҳатларга ишончли вакил томонидан тўхталиб ўтилди. Номзоднинг сайловолди дастуридаги ҳар бир амалга оширилажак ишлар аввало, халқимиз фаровонлиги учунлиги алоҳида таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани, ижобий ўзгаришларни оилалар ўз ҳаётида ҳис қилаётгани ҳақида фикр юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона шаҳрида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувида Фарғона вилоятини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари риштонликлар учун муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги йўналишида кластерлар ва фермерлар ўртасидаги шартнома муносабатлари тўлиқ қайта кўриб чиқилиб, кластерлар томонидан фермерларга кўрсатилган қўшимча хизматлар улар билан ўзаро келишув асосида алоҳида ҳисоб-китоб қилинади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида кластерлар ва фермерларнинг ерини ҳақиқий бозор активига айлантириш бўйича янги тизим яратилади. Қисқача айтганда, ернинг ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш, ҳадя қилиш, кредит олишда гаров сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.

-Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурини катта қизиқиш билан эшитдим ва келажакка бўлган ишончим янада ортди, - дейди риштонлик ёш фермер Гулираъно Холиқова. – Сайловолди дастуридан мен каби ёш фермерларни қувонтирадиган бир нечта ташаббуслар илгари сурилган. Мени қувонтиргани Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродова хотирасини абадийлаштириш мақсадида унинг номидаги фермерлар мактабини ташкил этиш таклифи бўлди. Мана шу мактабнинг илк ўқувчиси ўзим бўламан. Шу сабаб барча риштонликларни бўлажак сайловларда ўз овозларини Шавкат Мирзиёев номзодига беришларини сўрайман.

Учрашув якунида ишончли вакил барчани Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.
Фарғона вилояти бўйлаб ишончли вакил иштирокидаги учрашувлар давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА