Деҳли аэропортида самолёт ёнди
Нью-Деҳли аэропортида Цюрихга парвоз қилиши керак бўлган самолёт ҳавога кўтарилиши арафасида жиддий фавқулодда ҳолат юз берди. Учоқ саҳнидаги юзлаб йўловчи зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилди.
Индира Ганди номидаги халқаро аэропортда “Swiss International Air Lines” авиакомпаниясига тегишли “Airbus A330” самолёти иштирокида фавқулодда ҳолат кузатилди. LX147 рейси ҳавога кўтарилиш пайти двигателлардан бирида ёнғин чиққани қайд этилди. 232 йўловчи, жумладан тўрт нафар чақалоқ, махсус қутқарув трапи орқали тезкор равишда эвакуация қилинган.
Дастлабки маълумотга кўра, турли даражада жароҳат олган олти йўловчи шифохонага ётқизилган, экипаж аъзолари жабр кўрмаган. Айни пайт авиакомпания томонидан ташкил этилган махсус комиссия ҳодиса сабабини ўрганяпти, мутахассислар учоқнинг техник ҳолатини текширяпти. Қўшимча батафсил маълумот яна расман эълон қилинади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА