Деҳқонлар учун янги ускуналар
“Юртимиз ноз-неъматларининг донғи етти иқлимга кетган. Экологик тоза, юқори қувватли, хуштаъм бу маҳсулотлар бутун дунёда ниҳоятда қадрланади.
“Юртимиз ноз-неъматларининг донғи етти иқлимга кетган. Экологик тоза, юқори қувватли, хуштаъм бу маҳсулотлар бутун дунёда ниҳоятда қадрланади. Жорий йилда Берлин шаҳрида ўтказилган “Fruit Logistica” халқаро ярмаркасида ўз маҳсулотларимиз билан иштирок этиб, бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Вакуумли идишларда қадоқланган, қарийб икки йилга қадар сифатини йўқотмайдиган қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларимиз хорижликларга манзур бўлди. Хусусан, исроиллик ишбилармонлар билан қуритилган маҳсулотлар етказиб бериш борасида икки миллион долларлик шартнома имзоладик”.Бу Бухоро шаҳридаги “Ливадия-Бухоро” корхонаси бош директори Илҳом Сайфиевнинг фикрларидан.
Президентимиз раҳнамолигида деҳқон ва фермер хўжаликлари, агрофирмалар ва хусусий тадбиркорлик субъектларини минитехнологиялар билан таъминлаш, шу орқали қайта ишлаш саноатини ривожлантириш борасида кенг имтиёз ва имкониятлар яратилган. Бу йўналишдаги инновацион ғоя ва ишланмалар ҳар жиҳатдан рағбатлантирилмоқда. Натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан нафақат ички бозорни тўлдириш, балки уларни экспорт қилиш ҳажми ҳам ортмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 августда қабул қилинган «2012-2015 йилларда қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлашни чуқурлаштириш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва уларнинг турларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ана шу мақсадга хизмат қилади.
“Ливадия-Бухоро” хусусий корхонасида мевани қуритадиган янги ускуна яратилиб, тайёрланган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш бошланганига ҳам бир неча йил бўлди. Бу ускуна мева-сабзавотлар, доривор ўсимликлар, гўшт ва макарон маҳсулотларини қуритишга мўлжалланган. Бу ускуналарда қуритилаётган маҳсулотлар таркибидаги витамин ва микроэлементлар 90 фоизгача сақланиб қолади. Уларнинг табиий ранги, таъми ва хушбўйлиги йўқолмайди.
– Мева, сабзавот етиштириш билан шуғулланувчи фермерлар ва агрофирмаларнинг яқин шеригига айландик, – дейди И.Сайфиев. – Цехимизда ишлаб чиқарилаётган мева ва сабзавот қуритгичлар ихчам ва тежамкорлиги билан деҳқонларга маъқул тушмоқда. Энергия тежамкор бундай қурилмаларда ишланган маҳсулотлар ўзининг табиий хусусиятларини сақлаб қолади. Улар иқтисодий жиҳатдан ҳам фойдали. У бир соатда атиги 3,6 киловатт электр энергия сарфлайди. Бошқача айтганда, аксарият турдош ускуналарга нисбатан электр энергияни беш-олти баравар кам талаб қилади. Биз деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа эгалари учун йилига 200 тагача қуритиш ускунасини тайёрлаш имконига эгамиз.
Таъкидлаш жоизки, арзон ва кам энергия сарфланадиган бундай қурилманинг нафақат тадбиркорлар, балки оилалар учун мўлжалланганлари ҳам бор. Сиғими 25 килограмм, соатига 1 киловатт энергия талаб этадиган ускунани уй шароитида ҳам ишлатиш мумкин. Корхоналар ва тадбиркорлар учун эса сиғими 100 килограмм бўлган мослама қўл келади.
Яна бир қулайлиги, маҳсулотнинг турига қараб қурилманинг ҳажми ва ишлаш муддатини ўзгартириш мумкин. Масалан, ўрикнинг шираси кўплиги боис ундан сифатли туршак тайёрлаш учун 18-24 соат талаб этилса, сабзига 8-10 соат, доривор ўсимликлар ва кўкатларга атиги бир соат кифоя.
Юртимиз майизларининг донғи етти иқлимга кетган. Экологик тоза, юқори калорияли ва ғоят мазали бу маҳсулот бутун дунёда қадрланади. Майизни тайёрлаш жараёни узоқ давом этади. Қуёшли кунларда бунинг учун 15-20 кун, об-ҳаво ноқулай келганда эса бир ойгача вақт сарфланади. Бухоролик мутахассислар тақдим этаётган ускунада юқори сифатли, экспортбоп майиз тайёрлаш учун 24 соат кифоя қилади. Бу нафақат вақтдан ютиш, балки оилавий тадбиркорлар меҳнатини енгиллаштириш имконини ҳам беради.
– Ускуналаримизни тўлов муддатини узайтирган ҳолда сотишни йўлга қўйдик, – дейди корхона раҳбари. – Бу нафақат фермерлар, балки агрофирмалар, қишлоқ аҳолиси учун ҳам қулайдир. Айни пайтда йигирма беш киши меҳнат қилаётган корхонамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиб, қадоқлаш ҳам йўлга қўйилган. Бундай маҳсулотларга ташқи бозорда ҳам қизиқиш ортмоқда. Сўнгги ойларда 150 минг долларлик қуритилган маҳсулотни экспорт қилдик. Йил охирига қадар экспорт ҳажмини 500 минг долларга етказишни режалаштирганмиз.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни кенгайтириш истеъмол бозорини сифатли озиқ-овқат товарлари билан тўлдиришда муҳим ўрин тутади. 25 ходим меҳнат қилаётган корхонада нафақат инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш борасида ҳам катта тажриба тўпланган. Бу ерда топинамур кукуни, олма чипси, компот учун аралашмалар, борш учун ярим тайёр аралашмалар, қуруқ мевалар тўплами каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 200, 300 граммли вакуумли идишларда қадоқланган “Шарқ эртаги”, “1001 кеча”, “Изюминка” каби йигирма турдаги табиий тоза маҳсулотлар “Ҳасан бобо маҳсулотлари” ёрлиғи билан вилоят бозорлари ва меҳмонхоналарга етказиб берилмоқда.
Корхонада ўтган йили янги лойиҳа – қуритилган мевани чипс шаклида қадоқлаш йўлга қўйилди. Маҳсулот сифатини ошириш мақсадида банкдан олинган 100 миллион сўм эвазига Германиядан олмани тозалаб, сўнгра майдалайдиган ускуна олиб келинди. Ҳозир 40 граммлик чипсларнинг бозори чаққон. Жорий йилнинг ёз-куз мавсумида корхона ўрик, узум, тут, шафтоли, олхўри, наъматак, қўзиқорин, сабзи, лавлаги каби мева-сабзавотлардан икки минг тонна қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда.
"Ливадия-Бухоро" корхонаси юртимизда ўтказилаётган кўргазмаларда, хусусан, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа, минитехнологиялар ва ихчам асбоб-ускуналарнинг “Uzbekistan Agrominitech Expo” кўргазма-савдосида ҳар йили фаол иштирок этиб, қуритиш ускунаси ҳамда тайёрланган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича кўплаб келишувларга эришмоқда. Корхона жорий йилда "Ташаббус – 2015" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.
Ўзини ернинг ҳақиқий эгаси сифатида ҳис қилиб, меҳнати самарасидан баҳраманд бўлаётган деҳқонларимиз эндиликда етиштирган маҳсулотларини юқори технологик ускуналар ёрдамида қайта ишлаб, жаҳон бозорида эҳтиёж ортиб бораётган тайёр маҳсулот сифатида сотмоқда. Бу мамлакатимизда қайта ишлаш корхоналари тармоғининг ривожланиши, қишлоқ хўжалиги соҳасининг экспорт салоҳияти ўсиши ва минглаб янги иш ўринлари очилишига хизмат қилаётир.