“Деҳқон бозори”га деҳқон кирмаса...”
Инсоният бошига тушган бугунги оғир кулфатнинг бошқаларидан фарқли жиҳати, у кўринмас, бироқ қаттоллик боросида ҳар қандай урушдан батдар.
Инсоният бошига тушган бугунги оғир кулфатнинг бошқаларидан фарқли жиҳати, у кўринмас, бироқ қаттоллик боросида ҳар қандай урушдан батдар. Ҳозир дунёнинг етти ярим миллиарддан ортиқ аҳолисини битта мусибат бирлаштириб турибди — коронавирус! Айнан мана шундай оғир пайтда одамзод яна қўлига нажот қуролларини олди. Уларнинг номи — меҳр, ғамхўрлик, сабр-қаноат, ирода, қатъият, саховат, некбинлик ва албатта, ишонч. Бу ҳар қандай ўқу снаряд отадиган, порох сочадиган аслаҳадан, ҳўлу қуруқни бирдек йўқ қиладиган бомбадан ҳам қудратлироқдир...
“Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган нашр бош муҳаррири, устоз журналист ва таниқли шоир Ўткир Раҳматнинг “Жонажон Ватанимиз жавоҳирлари” сарлавҳали мақоласида ана шундай мулоҳазаларни ўқийсиз. Муаллифнинг хулоса қилишича, пандемиянинг чўзилиши ҳам, уни қисқартириш ҳам ўз қўлимизда. Бугун таҳдид солаётган коронавирус халқимизга келган бир синов. Ана шу синовдан қандай чиқиб кетиш ҳар бир кишининг азму қарори, шижоатига боғлиқ. Зеро, киши қанчалик мукаммаликка интилса, ўзида комиллик сифатларини шакллантирса, шунча кўп ён-атрофига нисбатан бефарқлик, лоқайдликни бартараф этади...
“Ҳеч кимга сир эмас, оиладаги муаммолар юки, асосан, уй бекасининг нозик елкасига тушади. Эр ишсиз, оилада етишмовчилик бўлса, биринчи навбатда, аёл қийналади. Ота ишда бўлса ҳам, болалар тарбияси билан она шуғулланади. Боласини боғчага жойлаштира олмаса, мактабдаги таълим-тарбия сифатсиз бўлса, онанинг ташвишига яна бир ташвиш қўшилади. Сув, газ, электр таъминоти яхши бўлмаса, яна қийналадиган — аёл!” — дейилади “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Аёл бахти жамиятнинг бахтидир” номли материалда. Мақола муаллифи — Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари Қудратилла Рафиқовнинг таъкидлашича, афсуски, узоқ йиллар хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўя олмадик, уларнинг жамиятдаги ўрнини ҳис этмадик. Мамлакатимизда, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган аксар аёлларимиз ўз муаммо ва ташвишлари билан ёлғиз қолганини, ҳаётнинг моддий ва маънавий қийинчиликлари остида эзилиб кетганини билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка олдик. Яширишнинг ҳожати йўқ, мамлакатимизда ишсиз, доимий даромадга эга бўлмаган хотин-қизларнинг дардини эшитиш учун шу чоққача ҳеч ким уларнинг эшигини тақиллатиб келган эмас... Давлатимиз раҳбарининг ана шу воқеликка теран назар солиб: “Шундай оилалар борки, уйида ўтиришга гилами йўқ, дори-дармон олишга пули йўқ, йиғлашга кўзида ёши йўқ. Бундай шароитда яшаётган аёлларнинг аҳволини ким тасаввур этади? Биз бу йил хотинқизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарамиз”, деган ташаббуси бу борадаги барча стереотиплар, қарашлар, ёндашувларга кескин ўзгартириш киритди...
...Бозорда бирор маҳсулотнинг танқислиги бир зумда нарх ошишига сабаб бўлади. Масалан, вируснинг мамлакатимизга илк кириб келган вақтидаги карантин даврини эслайлик. Картошкаю озиқ-овқат нархларининг сезиларли ўсишига ўзимиз гувоҳ бўлдик-ку! Ваҳоланки, деҳқон бозорида жавлон ураётган олибсотарлар деҳқонлардан кўтарасига арзонроқ нархларда картошка харид қилишди. Ҳақиқий деҳқон эса бозор дарвозаси ортида, пана-пастқамда ўтириб, олибсотар олмаган маҳсулотини икки баравар арзонига сотишга мажбур...
“ХХI asr” газетасида берилган Зилола Раҳмонованинг “Деҳқон бозори”га деҳқон кирмаса...” номли мақоласи айни шу мавзу таҳлилига бағишланган. Бинобарин, “Уруғлик картошка: деҳқонни алдаганнинг косаси оқарадими?!” сарлавҳали мақолада ҳам шу каби ўткир муаммолар ҳақидаги мулоҳазаларни ўқийсиз.
“... Мутахассисларнинг айтишларича, оғирлиги 2 грамм бўлган битта пилла 1000 метрга яқин тола берар экан. 100 килограмм пилладан 100-140 метр газлама тўқишга етарли ипак олиш мумкин. Ипак тола мустаҳкамлиги пўлат симникига яқин бўлиб, 1 квадрат миллиметрли ипакни узиш учун унга 50 килограммга тенг куч сарфлаш керак...”
Бу — “Қишлоқ ҳаёти” газетасида берилган “Jinjuz silk co” – пиллачилик занжирида яна бир ҳалқа” сарлавҳали мақоладан иқтибос. Материал муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Саидвафо Бобоевнинг ёзишича, Шу маънода Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Эвалак” МФЙ ҳудудидаги “Jinjuz silk co” корхонаси ўтган йилнинг ноябрь ойида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва жанубий кореялик инвесторлар ҳамкорлиги туфайли барпо этилган. Қиймати 5,5 миллион долларга тенг лойиҳа учун айнан мазкур туман танлангани бежиз эмас. Иқлими пилла етиштириш учун жуда қулай. Ишчи кучи ва бошқа ресурслар танқислиги йўқ. Ишлаб чиқарилган ипак толаси тўғридан-тўғри Корея Республикасига экспорт қилинмоқда. Ўтган йили 736 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот четга чиқарилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 1,5 млн АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Ҳозир корхонада 100 ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда.
* * *
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.