Кеча расмий ташриф билан Токио шаҳрига борган давлатимиз раҳбарини Японияда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз қизғин кутиб олди. Айтиш мумкинки, бу тарихий учрашув юртдошларимизга ўзгача таассурот ва юқори кайфият бағишлади.
“Эл юрт умиди” жамғармаси стипендианти, Нагоя университети докторанти Даврон Рисқалиев ҳам учрашувда иштирок этиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Кунчиқар юртда таҳсил олаётган талабалар, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз бу жонли мулоқотни узоқ кутишган эди, -дея гап бошлайди у. – Биласизми, бундай тарихий воқеа кишига ўзгача куч ғайрат, шижоат бағишлади. Боиси ўзга юртда давлат раҳбари билан ёнма-ён туриш, самимий суҳбат қилиш бу катта бахт, десам муболаға бўлмайди.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни кузатиб бориш бошқа, айни шу жараёнлар ҳақида Президентнинг ўзидан эшитиш кишида бутунлай ўзгача таассурот уйғотар экан.
Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестицияларни жалб қилиш миқдори кескин ошгани ҳақида тўхталиб ўтди. Марказий Осиё давлатлари орасида мамлакатимиз инвестиция учун жуда катта эшик очган давлатлар сирасига киргани эътироф этилди.
2019 йилда Ш.Мирзиёевнинг Японияга амалга оширилган ташрифида 10 дан зиёд турли компания, ташкилот раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилган бўлса, бу галги ташриф доирасида 60 дан ортиқ йирик компания ва уларнинг юзга яқин ходимлари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилиши белгиланган. Бу эса ўлкамизга янада кўп инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.
Мулоқотлар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида этибор қаратилиши айтиб ўтилди. Боиси, айни шу соҳада Япония улкан тажрибага эга давлат саналади.
Давлатимиз раҳбари биз, ёшларга катта ишонч билдириб, мамлакатимиз ривожида муносиб ҳисса қўшишимиз кераклигини алоҳида таъкидлади. Бу эътибор ва ишонч бизга катта масъулият юклайди.
Гўзал Сатторова, ЎзА