"Давр нафаси"да юксак маънавият эгалари...
Ота деган тушунча инсон тарбиясининг маънавий юксалиш поғонасида ҳал қилувчи аҳамият касб этиши, бу – айни ҳақиқатдир. Мен турфа тақдирлар ҳақидаги очеркларни ўқир эканман, кўз ўнгимда нуқул ўз отам гавдаланди.
"Давр нафаси" – муаллиф Гулчеҳра Мирзаева ўзининг илк ижодий тўпламини шундай номлабди. Унинг қаҳрамонлари билан танишар экансиз, бу ёруғ дунёда яхши оталар бир хил бўлади, деган фикрга келасиз.
Муаллиф ўзининг мазкур очерклар тўпламига энг муносиб юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини мавзу қилиб киритган. Унинг қаҳрамонлари сиз ва биз сингари оддий меҳнат кишилари. Ўз орзу ва мақсадлари рўёби йўлидаги ҳалол меҳнатлари туфайли миллионлаб одамлар назарига тушган, кўпларнинг ҳавасини келтириб яшаётган, ижод қилаётган яратувчанлик ва бунёдкорлик билан миллатимиз шаънини юксакларга кўтараётган бугунги кун одамлари.
Чиндан ҳам улар сизу бизнинг кўз ўнгимизда мўъзижа яратмоқдалар. Уларнинг онгу-шуури, олтин қўллари ва беназир иқтидори сабаб бунёдга келаётган ноёб санъат асарлари, жилокор матолар, кўрган кўзларни қамаштириб, ҳавасларимизни орттираётган замонавий темир йўллари, бахт қасрига қиёс этгулик шинам ва кўркам бинолар, текис равон йўллар бу барчамизнинг фахру ифтихоримиздир.
Шундай ютуқ ва муваффақиятларни эътироф этмоқ ва уларни шонли тарихимиз зарварақларига муҳрлаб қўймоқ бир фахримизга юз фахр қўшмайдими?
Қолаверса, муаллифнинг мазкур китоби ва ундаги қаҳрамонларнинг ҳаётий сабоқлари бугун ақлини таниб, эртага мана шу азиз ватан хизматига камарбаста бўлишга, юртнинг ҳар бир топшириғига лаббай деб жавоб беришга шай турган келажак авлод учун ибрат мактаби бўлса, ажаб эмас.
Эзгу амал бокира орзу ҳавасдан бошланади. Орзулар эса қатъиятли аниқ мақсадларга хизмат қилади. Журналист Гулчеҳра Мирзаева орзулари беғубор, мақсадлари улкан бажараётган ишлари беғараз, элга нафи тегаётган юртдошларимиз орасидан ўзининг илк китоби қаҳрамонларини яратди.

Улар барча таниган, ҳамма билган, кўпларнинг ҳавасини келтирган ва сизу бизнинг орзумизга айланиб улгурган одамлар, дунёга Ўзбекистон аталмиш жаннатмакон юрт довруғини муносиб тарзда танитаётган олиму зиёлилар, санъатимиз ва адабиётимиз фидойилари, қўли гул ҳунармандлар, уста наққошлар, бунёдкор қурувчилар ва миришкор деҳқонлар.
Сизу бизнинг бу ёруғ дунёга келишимиз шунчаки тасодиф эмас. Хар биримиз қайсидир вазифани бажариш учун туғилганимиз рост ва яна шу ҳақиқатки, ҳар биримиз ҳаёт ва меҳнат фаолиятимиз давомида бир-биримизга узвий боғлиқмиз. Мазкур кўринмас риштани англаш ва тушуниш бахтини ҳис этиш учун биздан талаб этиладигани битта. Бир-биримизга ишониш, биродаримизни қўллаш, ширин сўз ва пок ниятларимизни эзгу амаллар йўлида сарфлаб атрофимиздаги яхши инсонларни борида қадрлаш. Оддий ижодкор аёлнинг мазкур кўнгил мулки ана шундай эзгуликнинг бир дебочаси холос.
У яхши одамларнинг эзгу хислатлари, оталардан фарзандларга мерос бўлиб ўтадиган бебаҳо кўнгил мулкини қаламга олган муаллиф дадиллик билан уларни Ўзбекистонимизнинг маънавий миллиардерлари деб атайди.
Зеро шундай, мамлакатимизнинг бугунги қаҳрамонларини дунёда тенги йўқ бойлик, юксак маънавият эгалари деб аташга мутлақ ҳақлимиз.
Жамол Жалолов, Низомий номидаги ТДПУ профессори