Давоси йўқ хасталик – ягона чора эмланиш
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 55 мингдан ортиқ инсон қутуриш касаллиги оқибатида ҳаётдан кўз юмади.
Бугунги кунда ушбу хавфли хасталик 150 дан зиёд мамлакатда учраётган бўлиб, айниқса, Жанубий-Шарқий Осиё минтақаси, Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Филиппин, Лаос ва Индонезия каби давлатларда эпидемиологик вазият анча ноқулайлигича қолмоқда.

Инсон ҳаётига жиддий таҳдид солувчи ушбу касалликнинг олдини олиш, ундан ҳимояланиш чоралари хусусида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Эпидемиология ва юқумли касалликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Қурбонбеков қуйидагиларни маълум қилди:
Қутуриш – одам ва иссиққонли ҳайвонларнинг марказий асаб тизимини шикастлайдиган, ўткир вирусли ва ўта хавфли юқумли хасталикдир. Бу касалликнинг энг мудҳиш жиҳати шундаки, агар ўз вақтида зарур тиббий чоралар кўрилмаса ва касаллик белгилари намоён бўла бошласа, у албатта, ўлим билан тугайди. Бугунги кунда тиббиётда ушбу вирусга қарши самарали даволаш усули мавжуд эмас, шу сабабли ҳайвон тишлаган ёки тирнаган инсонни фақатгина ўз вақтида қилинган антирабик эмлаш (вакцина) қутқариб қолиши мумкин.
Юртимизда ушбу касаллик асосан ҳайвонлар ўртасида мунтазам равишда қайд этиб борилади. Бу жараён ветеринария хизмати ва соғлиқни сақлаш органлари томонидан қатъий назоратга олинган. Одамлар орасида қутуриш ҳолатлари жуда камдан-кам учрайди, бу ҳақдаги маълумотлар давлат органларининг расмий ҳисоботларида акс эттирилади. Вируснинг асосий ташувчилари сифатида итлар, шунингдек, ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, чиябўри, енот ва кўршапалаклар чиқиши исботланган. Муҳим жиҳати, вирус фақат сутхўрларни зарарлайди, қушлар, судралиб юрувчилар, балиқлар ва ҳашаротлар ушбу касаллик билан оғримайди.
Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига чалинганини уларнинг хатти-ҳаракатидан билиш мумкин. Бемор ҳайвонда агрессивлик ёки аксинча, ғайритабиий меҳрибонлик пайдо бўлади, улар безовта бўлиб, мақсадсиз югуради, қўрқув ҳиссини йўқотади. Шунингдек, кўп сўлак оқиши, оғиздан кўпик чиқиши, хирилдоқ овоз чиқариш, сув ва овқатдан бош тортиш ҳамда орқа оёқлар фалажланиши кузатилади. Бундай ҳайвонларга ҳеч қачон яқинлашмаслик, уларни овқатлантиришга ёки тегишга уринмаслик лозим. Кескин ҳаракатлар қилмай, вазминлик билан узоқлашиш ва зудлик билан ҳайвон овлаш хизмати ёки маҳалла қўмитасига хабар бериш зарур.
Вирус одамга асосан касал ҳайвон тишлаганда унинг сўлаги орқали, шунингдек, тирноқларида юқумли сўлак бўлган тақдирда тирнаш орқали ўтади. Шикастланмаган тери ёки жунга шунчаки тегиш хавфли эмас, бироқ сўлакнинг терининг шикастланган қисмига ёки кўз, оғиз, бурун каби шиллиқ пардаларга тушиши зарарланишга олиб келиши мумкин. Касалликнинг яширин (инкубацион) даври ўртача 1 ойдан 3 ойгача давом этади, бироқ бу муддат 10 кундан бир йилгача чўзилиши ҳам кузатилган. Бу даврда инсон ўзини мутлақо соғлом ҳис қилади. Яширин даврнинг қисқа ёки узоқлиги жароҳатнинг бош ва бош мияга қанчалик яқинлигига, тишлаш чуқурлигига ва организмга тушган вирус миқдорига боғлиқ.
Касалликнинг дастлабки белгилари сифатида яра битган бўлса-да, ўша жойда оғриқ, қичишиш ёки ачишиш пайдо бўлиши, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, уйқусизлик, хавотир ва товуш ҳамда ёруғликка сезувчанликнинг ортишини кўрсатиш мумкин. Ушбу аломатлар намоён бўлдими, демак, жараён орқага қайтмайди ва беморни қутқаришнинг имкони қолмайди.
Шу сабабли, ҳайвон тишлаганда ёки тирнаганда зудлик билан, биринчи 15 дақиқа ичида жароҳатни совунли сув билан яхшилаб ювиш, антисептик (йод, хлоргексидин, пероксид) билан ишлов бериш ва биринчи 2 соатдан кечиктирмай шифокорга мурожаат қилиш зарур. Қутуришга қарши вакцинани дастлабки 24 соат ичида олиш унинг самарадорлигини таъминлайди. Вакцина травматология пунктлари ёки поликлиникаларда махсус схема асосида бир неча бор қилинади. Ҳайвон тишлаши нафақат қутуриш, балки қоқшол (столбняк) хавфини ҳам туғдиргани боис, шифокорлар одатда ҳар икки касалликка қарши эмлашни амалга оширадилар.
Вакцина олингандан сўнг енгил оғриқ, қизариш ёки бироз иситма бўлиши табиий реакция ҳисобланади. Эмлашга фақат оғир аллергик ҳолатлардагина монелик бўлиши мумкин, қолган вазиятларда, жумладан, сурункали хасталиклар, ҳомиладорлик ёки енгил шамоллашда ҳам шифокор назорати остида эмлаш ўтказилади, чунки қутуришда тирик қолишнинг бошқа чораси йўқ. Хориж тажрибаси ва тиббий таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўз вақтида эмлаш жадвалига риоя қилиш уй ҳайвонларида ҳам, инсонларда ҳам касаллик юқиш хавфини деярли нолга тенглаштиради. Аҳоли орасида кичик тирнашлар хавфли эмас деган нотўғри қарашлар учраб туради, бироқ ҳар қандай жароҳатланишда шифокор кўригидан ўтиш ҳаётий заруратдир.
Моҳигул Қосимова ёзиб олди, ЎзА